Ўзбекистонда помидор, бодринг ва пропан нархи кескин қимматлади
Ноябр ойида истеъмол секторидаги товарлар ва хизматлар таҳлил қилинди. Сабзи, гуруч, парранда гўшти эса арзонлашган.

Ноябр ойида истеъмол секторидаги товарлар ва хизматлар нархлари ўртача 0,7 % га ошди. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси маълумот берди.
2025 йилнинг ноябр ойида истеъмол секторидаги товарлар ва хизматлар нархлари ўртача 0,7 % га ошган.
Йиллик истеъмол нархлари индекси (ИНИ) 107,5 % ни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу ойига (2024 йил ноябрь — 110,0 %) нисбатан 2,5 фоиз бандга пасайди.
Ноябр ойида озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ўртача 1,0 % га, ноозиқ-овқат товарлари 0,5 % га ҳамда аҳолига кўрсатиладиган пуллик хизматлар эса 0,3 % га қимматлашгани кузатилган.
Асосий озиқ-овқат маҳсулотларидан бодринг (96,0 %), помидор (82,2 %), булғор қалампири (61,2 %), бақлажон (51,7 %), узум (12,1 %), анор (7,9 %), қовоқ (5,4 %), олма (4,7 %), мандарин (4,5 %), шафтоли (3,7 %), тарвуз (3,4 %), қовун (3,4 %), товуқ тухуми (2,4 %), қуй гўшти (0,8 %), картошка (0,7 %), биринчи навли буғдой уни (0,5 %) ҳамда мол гўшти (суяксиз гўштидан ташқари) (0,3 %) нархларининг ошиши инфляцияга асосий таъсир кўрсатди.
Асосий озиқ-овқат маҳсулотларидан инфляцияни пасайтирувчи омил сифатида сабзи (-26,1 %), шолғом (-7,1 %), барча навдаги гуруч, гуруч оқишоғи (-4,5 %), ловия (4,2 %), шакар (-2,9 %), пиёз (-2,5 %), банан (-1,3 %) ҳамда парранда гўшти (-1,2 %) нархларининг пасайиши муҳим ҳисса қўшди.
Шунингдек, ноозиқ-овқат маҳсулотлар нархларидан пропан (7,4 %), бензин (1,7 %), цемент (1,4 %) ҳамда кийим ва пояфзал (0,7 %) нархларида ўсиш кузатилди.
Ҳисоб-китоблар учун 10 мингдан ортиқ савдо ва хизмат кўрсатиш нуқталарида 195 мингга яқин нархлар қайд этилган. 420 турдаги озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари ва 90 турдаги хизматлар нархлари кузатилди.