Нурафшонда ҳоким ёрдамчиси 2 минг доллар билан ушланди
У фуқарони мансабдор танишлари орқали Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасининг Тошкент вилояти бошқармасига ишга киритиб қўйишини ваъда қилган.

Нурафшон шаҳридаги маҳалла фуқаролар йиғинларидан бирининг ҳоким ёрдамчиси қўлга олинди.
У Тошкент шаҳрида яшовчи фуқарони мансабдор танишлари орқали Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасининг Тошкент вилояти бошқармасига ишга киритиб қўйишини ваъда қилиб, ўз “хизмати” эвазига 2 минг АҚШ доллари талаб қилади.
Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда ҳоким ёрдамчиси сўралган пулни ўз танишлари орқали олган вақтида ушланиб, унинг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйилган.
Маълумотга кўра, ушбу шахс муқаддам бир неча маротаба судланган бўлиб, қилмишларидан тегишли хулоса чиқармагани айтиб ўтилган.
Ҳозирда унга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “в” банди ва 28, 211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.