platina.uz
Жаҳон

АҚШда машҳур тошбақа 141 ёшида вафот этди

Галапагос тошбақаси иккита жаҳон уруши ва 20 нафар АҚШ президенти даврини бошдан кечирди.

АҚШда машҳур тошбақа 141 ёшида вафот этди

АҚШдаги Сан-Диего ҳайвонот боғининг энг кексаси бўлган Галапагос тошбақаси Грамма (буви маъносини беради) деярли 141 ёшида вафот этди.

Грамма Галапагос оролларида дунёга келган ва тахминан 141 ёшда эди, дея маълум қилди ҳайвонот боғи расмийлари. У 20 ноябр куни вафот этди.

Майиз, ромен салати ва кактус меваси каби севимли таомларини бир асрдан ортиқ вақт давомида чайнаб яшаган Грамма ҳаётдан кўз юмди.

Унинг Сан-Диего ҳайвонот боғига қачон келгани аниқ эмас, аммо расмийларга кўра у Бронкс ҳайвонот боғидан 1928 ёки 1931 йилда Галапагос тошбақаларнинг илк гуруҳи таркибида олиб келинган.

Атрофидаги дунё ўзгариб турганига қарамай, Грамма меҳмондўст ва камтар хулқи билан ташриф буюрувчиларнинг меҳрини қозонган. У Икки жаҳон уруши ва 20 нафар АҚШ президенти даврини бошдан кечирди.

Уни парвариш қилувчилар меҳр билан “Ҳайвонот боғининг қироличаси” деб аташарди. Жонивор узоқ йиллик суяк муаммоларидан азият чекаётган эди ва ҳолати оғирлашгач, у эвтаназия қилинди, дея хабар берди боғ маъмурияти.

(Эвтаназия – оғир касаллик ёки азоб-уқубат туфайли умрини давом эттира олмаслиги аниқланган жонивор ёки одамнинг оғриқсиз тарзда ҳаётига якун қўйиш амалиёти).

Ижтимоий тармоқларда кўплаб меҳмонлар Грамма билан илк бор болалигида учрашгани, кейин йиллар ўтиб фарзандлари билан яна уни кўргани ҳақида ёзишди.

69 ёшли Кристина Парк болалигидан эслаб қолган илк хотираларидан бирини гапириб берди. У 3–4 ёшлигида Сан-Диего ҳайвонот боғига бориб, катта тошбақанинг устига миниб олганини эслайди. Бундай нарса эндиликда тақиқланган, аммо шу тажриба уни кичик саҳро тошбақасини уйда боқишга ва тошбақаларни асраш ҳақида кўпроқ ўрганишга илҳомлантирган.

Галапагос тошбақалари табиатда 100 йилдан ортиқ, тутқинликда эса деярли икки баробар кўпроқ умр кўриши мумкин.

Маълум бўлган энг узоқ умр кўрган Галáпагос тошбақаси Ҳарриэт бўлган — у Австралия ҳайвонот боғида 175 ёшгача яшаган. У 1835 йилда Галáпагос оролларидан олиб келинган, ўшанда у фақат коса катталигида эди холос.

Халқаро Табиатни Муҳофаза Қилиш Иттифоқига кўра, Галáпагос тошбақалари 15 та кичик турдан иборат бўлиб, уларнинг учтаси йўқ бўлиб кетган, қолганлари ҳам таназзул ёқасида.

Сўнгги йиллар давомида бу тошбақаларни тутқинликда кўпайтиришга жиддий эътибор қаратилди. 1965 йилдан бери 10 мингдан ортиқ ёш тошбақалар табиатга қайта чиқарилган. Натижада айрим кичик турлар эса йўқ бўлиб кетиш ёқасидан қайтарилди.

Апрел ойида, Филаделфия ҳайвонот боғида илк бор 100 ёш атрофидаги ота-онадан тўрт дона Галапагос тошбақа болалари туғилди. Июнь ойида эса, Майами ҳайвонот боғида 135 ёшли Голиас, илк бор ота бўлди.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid