Судларнинг чинакам мустақиллигини таъминлашнинг устувор мақсадлари белгиланди
Судялар ҳамжамияти фаолиятида очиқлик таъминланади, номзодларни танлашнинг шаффоф тартиби жорий этилади. Уларнинг фаолияти сунъий интеллект орқали баҳоланади.

Президентнинг "Судялар ҳамжамияти органлари фаолиятининг самарадорлиги ва очиқлигини ошириш ҳамда суд мустақиллиги кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони эълон қилинди.
Унга кўра, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, судялар ҳамжамияти органлари фаолиятининг самарадорлигини оширишнинг устувор мақсадлари белгиланди.
(а) судялар ҳамжамияти органлари фаолиятида судьяларнинг ўзини ўзи бошқариш тамойилини ва суд мустақиллигига оид илғор халқаро стандартлар кенг жорий этилишини таъминлаш;
(б) судялар корпусини шакллантириш тартибини такомиллаштириш, ушбу жараёнда судялар ҳамжамияти органлари ролини ошириш ва уларнинг масъулият доирасини аниқ белгилаш;
(в) судялар ҳамжамияти органлари фаолиятида очиқликни таъминлаш, судьяликка номзодларни танлашнинг шаффоф тартибини жорий этиш;
(г) суд тизимида гендер тенгликни таъминлаш имкониятларини кенгайтириш орқали аёл судьялар улушини камида 30 фоизга етказиш.
Судялар олий кенгашнинг қуйидаги таклифларига розилик берилди:
(а) судьяларни навбатдаги ўн йиллик муддатга тайинлаш (сайлаш) тартибини бекор қилиб, судьялик лавозимларига номзодларни дастлаб беш йил муддатга, кейинчалик муддатсиз даврга тайинлаш (сайлаш) тартибини белгилаш;
(б) туманлараро, туман, шаҳар судлари раислари ва уларнинг ўринбосарлари лавозимларига номзодларни аниқ мезонларга кўра судьялар орасида очиқ танлов асосида танлаш тартибини ўрнатиш;
(в) судьянинг касбий фаолиятини баҳолашда “ҳалоллик”, “касбий лаёқатлилик” ва “судьялик одоби қоидаларига риоя этиш” талабларининг аниқ мезонларини қонун даражасида белгилаш.
Кенгаш раисига, унинг конституциявий мақомидан келиб чиққан ҳолда, қуйидаги ваколатлар берилди:
- судялар томонидан Судялар одоби кодекси нормалари бузилган ёки манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилган ҳолатларда судьялар малака ҳайъатлари томонидан интизомий иш асоссиз тугатилган ёки тайинланган интизомий жазо судья содир этган қилмишга мос эмас деб топилган тақдирда, малака ҳайъатларининг тегишли қарорларини қайта кўриб чиқиш бўйича тақдимнома киритиш;
- Кенгашнинг тузилмаси ва штат жадвалини белгиланган штат бирликлари доирасида мустақил тасдиқлаш.
Судялар фаолияти самарадорлигини баҳолашда сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланиш йўлга қўйилади.
Кенгашнинг Одил судлов академиясининг касбий қайта тайёрлаш курсларига қабул қилишда ҳар йили заруратга қараб Кенгаш томонидан хотин-қизлар учун квота белгиланади.