platina.uz
Жамият

Тошкентда одамларнинг миллиардлаб пулини ўзлаштирган жиноий гуруҳга ҳукм ўқилди

Улар “Zamin Avto Karavan” МЧЖ номи орқали йиллик 10 фоиз  устама билан машина олиб беришни ваъда қилган ва пулларни ўзлаштирган. 

Тошкентда одамларнинг миллиардлаб пулини ўзлаштирган жиноий гуруҳга ҳукм ўқилди

Тошкентда одамларнинг миллиардлаб пулини ўзлаштирган жиноий гуруҳга ҳукм ўқилди

Тошкентда бир гуруҳ шахслар томонидан 2023 йил давомида “Zamin Avto Karavan” МЧЖ номи орқали ўнлаб фуқаролардан катта миқдорда пуллар олиб, автомашина етказиб бериш ваъдаси билан фирибгарлик содир этилгани аниқланди. Бу ҳақда Яккасарой туман судининг 20 ноябрда эълон қилинган ҳукмида гап боради. Суд ҳукми Platina.uz ихтиёрида мавжуд.

Маълум бўлишича, жиноий гуруҳга “AVD Group” раҳбари А.Ж. бошчилик қилган. У С.Х, Э.О., У.А., Ғ. С. ва Н. Ў каби шахслар билан олдиндан тил бириктириб, фуқароларга йиллик 10% устама билан “Damas”, “Lacetti-Gentra”, “Cobalt” каби автомобилларни 60 банк куни ичида узоқ муддатли кредит эвазига етказиб беришни ваъда қилган.

Аммо олинган катта миқдордаги аванс маблағлари мақсадли сарфланмаган: пуллар банк карталарига ўтказилиб, нақдлаштирилган ва шахсий эҳтиёжларга йўналтириб юборилгани аниқланган. Суд ҳужжатида қайд этилишича, жами 89 ҳолатда фуқаролардан 45 млрд сўмга яқин пул йиғиб олинган ва талон-торож этилган. Фуқаролардан олинган маблағлар 30 млн сўмдан 105 млн сўмгача бўлган малбағларни ташкил этади. Айрим ҳолларда 70–100 млн сўмлик шартномалар расмийлаштирилган, бироқ автомашиналар эса етказилмаган.

Айбланувчиларга нисбатан Ўзбекистон ЖКнинг 168-моддаси (фирибгарлик)нинг турли қисмлари, 242-модда (жиноий гуруҳ тузиш), 243-модда (жиноий йўл билан топилган мулкни легаллаштириш) ва айрим ҳолларда 266-модда (талон-торож қилиш) бўйича айб қўйилган. Судланувчиларнинг бир қисми олдин ҳам мулкий жиноятлар учун жавобгарликка тортилган.

Суд барча иштирокчиларнинг кўрсатмалари, жабрланувчилар аризалари ва молиявий далилларни ўрганиб, гуруҳ аъзоларининг ҳаракатларининг уюшқоқ ва олдиндан келишилган тарзда амалга оширилганини таъкидлади.

Якуний суд ҳукмига кўра, фирибгарлик схемаси бош айбдори бўлган А.Ж.га 8 йил 1 ой озодликдан маҳрум қилиш (ЖК 168-модда 4-қисм “в” банди) тайинланди. У жазони умумий тартибли колонияда ўташ белгиланди, жазони ўташ муддати 2024 йил 21 августдан бошлаб ҳисобланади. У.А. ЖКнинг 168-модда 3-қисми "а,б" бўйича айбли деб топилди ва 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Аввалги ҳукм (Миробод суди) билан бирлаштирилиб, якуний жазо 9 йил 1 ой этиб белгиланди. Жазони ўташ 2024 йил 21 августдан бошланиши белгиланди. С. Х., Ғ. С.лар 3 йилдан 7 йилгача бўлган муддатларда озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Айрим айбланувчиларга жазони енгиллаштирувчи асос мавжудлиги сабабли – озодликни чеклаш ёки пробация тайинланган.

А.Ж.га тегишли машина ва уй сотувга қўйилиб, тушган маблағ зарарни қоплашга йўналтирилиши белгиланди. Жабрланувчиларга қолган моддий ва маънавий зарарлар юзасидан судланувчиларнинг яшаш манзилидаги фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судига даъво аризаси билан мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилган.

Суд иши Олий суд порталидан олинди.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid