Экология қўмитаси қурилиш ташкилотлари ва саноат корхоналарига талаб йўллади
Тегишли талабларни бажармаган қурилишлар фаолияти 10 иш кунигача тўхтатилиши ёки белгиланган тартибда бутунлай тугатилиши мумкин.

Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси саноат корхоналари ва қурилиш ташкилотларини огоҳлантирди.
Қўмита томонидан барча қурилиш ташкилотларига қурилиш майдонларида атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш бўйича белгиланган талабларга сўзсиз риоя этилиши шарт эканлиги борасида тегишли талаб йўлланган.


Амалдаги қонунчиликка кўра, барча қурилиш ташкилотлари қуйидаги талабларни бажаришга мажбур:
— қурилиш жараёнида чанг ва қум заррачаларининг ҳавога кўтарилишига йўл қўймаслик;
— қурилиш майдонига кириб-чиқиш йўлакларида осма ёмғирлатгич ва сув пуркагичлар ўрнатиш;
— автотранспорт воситалари ғилдиракларини мажбурий тарзда ювиш учун ювиш шохобчасини ташкил этиш;
— чанг тарқалишининг олдини олиш мақсадида қурилиш майдонини тўсиқлар, ҳимоя қопламалари ва махсус материаллар билан жиҳозлаш.
Мазкур талаблар бажарилмаган тақдирда, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексга мувофиқ жарима ва бошқа маъмурий чоралар қўлланилиши, шунингдек, фаолият 10 иш кунигача тўхтатилиши ёки белгиланган тартибда бутунлай тугатилиши мумкин.
“Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонунининг 24-моддасига кўра, метеорологик шароитлар ноқулай келиши кутилаётганлиги муносабати билан корхоналар атмосфера ҳавосига ифлослантирувчи моддаларни камайтириш ва (ёки) бартараф этиш чора-тадбирларини кўриши шарт.
Атмосфера ҳавоси ифлосланишига сабаб бўлган корхоналар Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси асосида жиноий жавобгарликка тортилиши ҳам мумкин.
Аввалроқ Тошкент ҳавосидаги ифлосланиш ҳолати ой охиригача сақланиб қолиши хабар берилганди.
Ҳаво сифатининг яхшиланиши ҳаво массаларининг алмашиши, шамолнинг кучайиши ёки ёғингарчилик тушиши билан боғлиқ бўлади.