platina.uz
Маданият

Шавкат Мирзиёев Мираббос Мирзааҳмедов вафоти сабаб ҳамдардлик билдирди

Мирзааҳмедов режиссёрлигида “Баҳор қайтмайди”, “Излайман”, “Қалбингга қулоқ сол”, “Баҳс”, “Уч илдиз”, “Дунёнинг ишлари” каби филмлар ишланган. У "Оталар сўзи" кўрсатуви муаллифи эди. 

Шавкат Мирзиёев Мираббос Мирзааҳмедов вафоти сабаб ҳамдардлик билдирди

Президент Шавкат Мирзиёев режиссёр ва телебошловчи Мираббос Мирзааҳмедов вафоти сабаб ҳамдардлик билдирди.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Мираббос Абдулҳақович Мирзааҳмедов шу йил 19 ноябр куни 84 ёшида вафот этди.

Мираббос Мирзааҳмедов 1941 йил 30 сентябрда Тошкент шаҳрида зиёли оиласида туғилди. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг Тошкент театр ва рассомлик институти (ҳозирги Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти)да кино ва театр санъати актёри мутахассислиги бўйича таҳсил олди.

Меҳнат фаолиятини Ўзбекистон телерадиокомпаниясида режиссёр ёрдамчиси сифатида бошлаган истеъдодли санъаткор 60 йилдан зиёд вақт мобайнида “Ёшлар” таҳририяти режиссёри, бош режиссёри, “Ўзбекистон” телеканалининг олий тоифали режиссёри, “Оталар сўзи – ақлнинг кўзи” кўрсатувининг режиссёри ва бошловчиси каби лавозимларда самарали хизмат қилди. Унинг бевосита раҳбарлигида долзарб мавзу ва жанрларда тайёрланган эшиттириш ва кўрсатувлар, бадиий видеофильмлар миллий руҳи, теран мазмуни, халқчиллиги билан миллионлаб мухлислар қалбидан ўрин олди.

Айниқса, устоз режиссёр томонидан тасвирга олинган “Баҳор қайтмайди”, “Излайман”, “Қалбингга қулоқ сол”, “Баҳс”, “Уч илдиз”, “Дунёнинг ишлари” каби асарлар ўз даврининг ёрқин телефильмлари сифатида маданиятимиз хазинасидан жой олди.

М.Мирзааҳмедов марказий телеканалларимиз орқали 40 йилдан буён намойиш этиб келинаётган “Оталар сўзи – ақлнинг кўзи” кўрсатувига янгича руҳ ва мазмун олиб кирди.

У “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими” фахрий унвони, “Меҳнат шуҳрати” ва “Дўстлик” орденлари билан мукофотланган.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid