Икки йилга қамалган ИИБ собиқ тезкор вакили суд залидан озод этилди
Унга белгиланган озодликдан маҳрум этиш жазоси озодлик чеклаш билан алмаштирилган. Ходим таркибида катта миқдорда олтин аралашмаси бўлган қум иши бўйича қамалган.

Навоийда икки йилга қамалган ИИБ собиқ тезкор вакилига белгиланган жазо енгиллатилди. Бу ҳақда Навоий вилояти суди жиноят ишлари бўйича судлов инстанцияси ажримида маълум қилинди. Ажрим 2025 йил 14 ноябр куни чиқарилди. Ажрим нусхаси Platina.uz ихтиёрида мавжуд.
Маълум бўлишича, судланувчи А.Р. таркибида 5,9 кг олтин аралашмаси бўлган қумни қаровсиз қолдириш билан боғлиқ жиноятни содир этган. У Кармана тумани ИИБ ТКҲ ЖҚБ тезкор вакили сифатида ишлаган. Биринчи инстанция суди А.Рни Жиноят кодексининг 206-моддаси 2-қисми “а” банди ва 209-моддаси 1-қисми билан айбли деб топиб, унга 2 йил озодликдан маҳрум қилиш, шунингдек, 2 йил ички ишлар тизимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этиш жазоси тайинлаган эди. У 2025 йил 21 майдан буён қамоқда сақланаётган эди.
Суд материалларига кўра, айбланувчи 2025 йил март–апрел ойларида Кармана туманидаги “Ибо” МЧЖ базасида аниқланган таркибида олтин бўлиши мумкин бўлган қумлар бўйича текширувни қонуний тартибда якунламасдан, ҳужжатлар расмийлаштирилмаган ҳолда қумларнинг бир қисмини базадан чиқариб кетилишига шароит яратган. Кейинчалик ушбу қумлар 1 260 тонна оғирликда, таркибида эса 5 кг 959 грамм олтин борлиги аниқланган. Ушбу моддалар Хитой фуқаролари томонидан ноқонуний тарзда қазиб олинаётган бўлган.
Суд ҳужжатларида А.Р ва унинг шериклари – Ф.Эргашев ҳамда Д.Муқимовнинг ҳаракатлари натижасида олтинли қум қаровсиз ҳолатда ташлаб кетилгани, ички ишлар органлари обрўсига путур етгани ва давлат манфаатларига “жуда кўп миқдорда зарар” етказилгани қайд этилган. У хатто Хитой фуқаролари билан таржимон орқали музокаралар ҳам олиб борган.
А.Р ва ҳимоячиси жазони енгиллаштириш ҳақида апелляция шикояти киритган. Улар жиноят унча оғир бўлмаган тоифага киришини, суд айбланувчининг ўз айбига тўлиқ иқрор бўлгани ва терговга ёрдам кўрсатганини инобатга олмаганини таъкидлашган.
Апелляция инстанцияси шикоятни қисман қаноатлантириб, ҳукмни ўзгартирди. Суд айбланувчига ЖК 206-моддаси 2-қисми “а” банди бўйича 2 йил ички ишлар тизимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этиш, 2 йил озодликни чеклаш жазоси тайинлади.
ЖК 209-моддаси бўйича белгиланган жазо ўзгаришсиз қолдирилди. А.Рга тайинланган жазолар алоҳида ижро этилади, озодликни чеклаш муддати 2025 йил 21 майдан бошлаб ҳисобланади.
Суд ажримига кўра, А.Р суд залидан озод қилинди. Суд иши Олий суд порталидан олинди.