platina.uz
Жаҳон

Алишер Усмонов Германия судида синглисига нисбатан санкциялар бўйича ишда ғалаба қозонди

Бир фуқаро Facebook саҳифасида А.Усмонов гўёки Швейцария банкидаги активларни синглиси орқали яширгани ҳақидаги маълумотни тарқатганди.

Алишер Усмонов Германия судида синглисига нисбатан санкциялар бўйича ишда ғалаба қозонди

Германиянинг Гамбург шаҳар суди 2025 йил 19 ноябрда Алишер Усмонов томонидан Германия фуқароси устидан берилган даъво бўйича муҳим қарорни эълон қилди. Суд фуқаро Facebook саҳифасида А.Усмонов гўёки Швейцария банкидаги активларни синглиси орқали яширгани ҳақидаги маълумотни тарқатиб, унинг ҳуқуқларини бузганини тан олди.

Маълумот учун, Саодат Нарзиева 2022 йил апрел ойида The Guardian нашри ва OCCRP ресурсларида эълон қилинган материаллар асосида ЕИ ва Буюк Британия санкция рўйхатларига киритилган эди. Ушбу материалларда А.Усмонов гўёки синглисига “йирик активлар топширгани” ҳамда Нарзиева “Credit Suisse’да акаси билан боғлиқ 27 та ҳисобварақ эгаси” экани ҳақидаги даъволар келтирилган.

Усмонов ва Нарзиева вакиллари бу маълумотларни рад этиб келган. Кейинчалик ушбу айбловлар бир қатор ОАВ томонидан инкор этилди ёки тузатилди. Мутахассислар текшируви мазкур ҳолат Credit Suisse’нинг ички ва тўлиқ бўлмаган маълумотларининг нотўғри талқин қилиниши натижасида юзага келганини кўрсатди. 2022 йил сентябрда ЕИ Кенгаши Нарзиеванинг санкция мақомини бекор қилган.

2025 йил сентябр ойида Германия фуқароси ўз Facebook саҳифасида А.Усмонов “Саодат Нарзиевани Credit Suisse ҳисобларининг бенефисиари сифатида ишлатган” деган мазмундаги постни жойлаштирган. Муаллиф уни ўчиришдан бош тортгач, Усмонов судга мурожаат қилган. Гамбург суди фуқаронинг бу даъвосини асоссиз ва ноқонуний деб топди. Суд қарорини бузиш ҳар бир ҳолатда 250 минг еврогача жарима ёки олти ойгача маъмурий қамоқ билан жазоланиши мумкин. Ҳозирда мазкур пост ўчирилган.

Сўнгги йилларда АҚШ, Буюк Британия, Ирландия ва Германиядаги бир қатор ОАВ Усмонов ва Нарзиевага нисбатан илгари айтилган шунга ўхшаш даъволарни исботлай олмаслигини тан олиб, уларни тарқатишни тўхтатган.

Алишер Усмоновнинг ҳуқуқий вакили, медиа-юрист Ёахим Штайнхёфелнинг таъкидлашича, Гамбург суди қарори санкцион айбловларнинг ҳеч қандай далилга асосланмаганини яна бир бор кўрсатади. Унинг айтишича, Нарзиеванинг ЕИ рўйхатидан чиқарилгани ва мазкур суд қарори унга нисбатан санкциялар нотўғри маълумотлар асосида жорий этилганини тасдиқлайди.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid