platina.uz
Жаҳон

ОАВ: Озарбайжон Алишер Усмонов масаласида Францияга босим ўтказган

Озарбайжоннинг Усмоновни санкциялар рўйхатидан чиқариш истагининг сабаблари номаълум. Манбаларга кўра, Франция Боку ташаббусини Қатар ва Қозоғистон қўллаб-қувватлаганига ишонади. Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған ҳам илгари Усмоновни Европа Иттифоқи санкциялари рўйхатидан чиқаришга чақирган эди.

ОАВ: Озарбайжон Алишер Усмонов масаласида Францияга босим ўтказган

Европа Иттифоқи россиялик миллиардер Алишер Усмоновга қарши санкцияларни узайтириш бўйича келишувга эриша олмаётир. ОАВ хабарига кўра, Озарбайжон босими остида Франция Европа Иттифоқининг Усмоновга қарши санкцияларини бекор қилишни сўраган.

Бу ҳақда вазиятдан хабардор бўлган учта европалик дипломат Reuters агентлигига маълум қилди.

14 сентябрь куни Европа Иттифоқи расмийлари Россияга қарши санкциялар рўйхатини янгилаш муддатини етти кунга узайтирдилар. Бунга Усмоновга қарши санкциялар бўйича келишув йўқлиги сабаб бўлди. Санкцияларни яна олти ойга узайтириш учун барча 27 та Европа Иттифоқига аъзо давлатларнинг розилиги талаб қилинади.

Манбаларга кўра, Франция 2022 йилда Россиянинг Украинага бостириб кириши ортидан Усмоновга қарши қўлланилган санкцияларни бекор қилишни талаб қилиб, Словакияга қўшилди. Металл ва тоғ-кон магнати Усмонов санкцияларни бекор қилиш учун Европада бир нечта суд жараёнларини бошлаган.

Дипломатларнинг сўзларига кўра, Озарбайжон Усмоновдан ҳибсга олинган икки француз фуқароси ишида "шантаж" воситаси сифатида фойдаланмоқда. Франция улардан бири "ўзбошимчалик билан" ҳибсда сақланаётганини даъво қилди. Иккинчи фуқаро жосусликда айбланган.

Озарбайжоннинг Усмоновни санкциялар рўйхатидан чиқариш истагининг сабаблари номаълум. Манбаларга кўра, Франция Боку ташаббусини Қатар ва Қозоғистон қўллаб-қувватлаганига ишонади. Бошқа минтақавий мамлакатларнинг бир қанча раҳбарлари, шунингдек, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған илгари Усмоновни Европа Иттифоқи санкциялари рўйхатидан чиқаришга чақирган эди.

Озарбайжон, Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қатар ташқи ишлар вазирликлари Reuters агентлигининг изоҳ бериш ҳақидаги дарҳол сўровига жавоб бермади.

Франция Ташқи ишлар вазирлиги вакили Озарбайжон билан боғлиқ масала бўйича изоҳ беришдан бош тортди.

Деярли 3000 компания ва жисмоний шахсларга активларни музлатиш ва саёҳат тақиқларини қўллайдиган Европа Иттифоқи санкциялари 15-сентябрда тугаши керак эди. Усмонов атрофидаги тортишувлар туфайли уларнинг амал қилиш муддати 22 сентябргача узайтирилди.

Телеграмда кузатиб боринг!

Тавсия этамиз

© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid