Шавкат Мирзиёев Туркманистон президенти билан музокаралар ўтказди
Ўзаро савдони кўпайтириш ва саноат, энергетика, транспорт масалаларига эътибор қаратилди. Президентлар “Шовот-Тошҳовуз” қўшма чегараолди савдо зонасини ишга тушириш маросимида иштирок этдилар.

17 ноябрь куни Кўксарой қароргоҳида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедовнинг тор доирадаги музокаралари бўлиб ўтди.
Ушбу давлат ташрифи сўнгги йилларда намунали тус олган Ўзбекистон – Туркманистон дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш йўлида муҳим қадам бўлиши таъкидланди.
Барча соҳаларда эришилаётган ижобий суръат ва фаол алоқалар мамнуният билан қайд этилди. Ҳукуматлараро комиссия ва Ишбилармонлар кенгаши йиғилишлари, шунингдек, маданий тадбирлар мунтазам равишда ўтказиб келинмоқда. Ташриф арафасида Урганч ҳамда Тошкентда ўтказилган Туркманистон маданияти кунлари ва фильмлари намойишлари иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.
Ўтган йили товар айирбошлаш 1 миллиард доллардан ошди. Юк ташиш ҳажми ортиб бормоқда, жумладан, Туркманбоши портидан фойдаланиш фаоллашган.
Музокараларда ўзаро савдони кўпайтириш ва саноат, энергетика, транспорт, машинасозлик, қишлоқ ва сув хўжалиги соҳаларида самарали кооперацияни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Ҳудудлараро алмашинувларни янада кенгайтириш муҳимлиги таъкидланди. Хива шаҳрида учинчи Ҳудудлар форумини ўтказишга келишиб олинди.
Минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедовнинг музокаралари кенгайтирилган таркибда икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида давом этди.
Учрашув аввалида мамлакатимиз етакчиси Туркманистон Президентининг давлат ташрифи икки халқ ўртасидаги кўп асрлик дўстлик ва яхши қўшничилик ришталари мустаҳкамлигининг яққол тасдиғи эканини таъкидлади.
Ўзбекистон – Туркманистон дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада кенгайтиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Савдо, транспорт, энергетика, сув хўжалиги ва бошқа муҳим соҳаларда амалга оширилган ишларга юқори баҳо берилди.
– Шубҳасиз, ушбу ютуқларда Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси, ҳурматли Гурбангули Бердимуҳамедовнинг улкан ҳиссаси бор, – деди Президентимиз.
Кейинги йилларда ўзаро савдо ҳажми икки бараварга кўпайиб, 1 миллиард доллардан ошди. Маҳсулотлар турини кенгайтириш ва эркин савдо режимидан самарали фойдаланиш орқали бу кўрсаткични 2 миллиард долларга етказиш учун барча имкониятлар мавжудлиги таъкидланди.
“Шовот-Тошҳовуз” чегараолди савдо зонасининг ишга туширилиши ҳам товар айирбошлашни кўпайтиришга хизмат қилади. Ушбу тажрибани бошқа манзилларда, биринчи навбатда, “Олот-Фараб” ҳудудида қўллаш бўйича келишувга эришилди.
Саноат кооперациясини кенгайтириш мақсадида қурилиш материаллари, фармацевтика, озиқ-овқат маҳсулотлари ва бошқа талаб юқори бўлган товарлар ишлаб чиқаришга қаратилган янги лойиҳаларга бизнесни фаол жалб қилиш муҳимлиги таъкидланди.
Энергетика соҳасида самарали ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик йўлга қўйилган. Янада кенгроқ лойиҳаларга ўтиш, шу жумладан, истиқболли конларни биргаликда ўзлаштиришга келишиб олинди.
Транспорт соҳаси икки мамлакат иқтисодиётларини боғлайдиган муҳим бўғин ҳисобланади. Юк ташиш ҳажми ўсиб бормоқда, божхона-логистика тартиблари соддалаштирилмоқда. Томонлар Туркманбоши портини биргаликда ривожлантириш ва пойтахтлар ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновларни қайта тиклашга келишиб олдилар.
Эришилган келишувларнинг ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаш учун йил охиригача Ҳукуматлараро комиссия ва Ишбилармонлар кенгашининг навбатдаги йиғилишлари ўтказилади.
Етакчилар гуманитар соҳа кўп қиррали алоқаларнинг мустаҳкам пойдевори эканлигига урғу бердилар. Урганч ва Тошкентда Туркманистон маданияти кунлари ва туркман фильмлари намойишлари муваффақиятли ўтказилганини таъкидладилар.
Ҳамкорлик суръатини сақлаб қолиш учун томонлар ўзаро концертлар ва театрларнинг ижодий сафарларини мунтазам равишда ўтказиш, Хивада Ёшлар форумини ташкил этиш ва биргаликда фильмлар ишлаб чиқариш амалиётини давом эттиришга келишиб олдилар.
Соғлиқни сақлаш ва тиббиёт фани борасидаги алмашинувлар фаоллашади.
Музокаралар якунида давлат раҳбарлари эришилган барча келишувларни амалга ошириш бўйича кенг қамровли “йўл харитаси”ни қабул қилиш юзасидан масъулларга топшириқ бердилар.
Олий даражадаги музокаралардан сўнг Шавкат Мирзиёев ва Сердар Бердимуҳамедов “Шовот-Тошҳовуз” қўшма чегараолди савдо зонасини ишга тушириш маросимида иштирок этдилар.
Мазкур ҳудудда дирекция, божхона, карантин, фитосанитария ва ветеринария хизматларининг маъмурий бинолари, савдо павильони ва омборлар жойлашган.

Бу ерда “ягона дарча” тамойили асосида давлат хизматлари кўрсатилади, интерфаол тизимлар, банк, тиббиёт ва меҳмонхона хизматлари учун зарур инфратузилма, шунингдек, катта автотураргоҳ ҳам ташкил этилган.

Зона фаолияти умумий аҳолиси 3,5 миллиондан зиёд бўлган иккита муҳим ҳудуд – Ўзбекистоннинг Хоразм вилояти ва Туркманистоннинг Тошҳовуз вилояти ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтиришга хизмат қилади.