platina.uz
Сиёсат

Шавкат Мирзиёев Озарбайжон, Қирғизистон ва Тожикистон раҳбарлари билан учрашди

Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш юзасидан фикр алмашилди. Етакчилар Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрдилар. 

Шавкат Мирзиёев Озарбайжон, Қирғизистон ва Тожикистон раҳбарлари билан учрашди

Президент Шавкат Мирзиёев 15 ноябрь куни Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашувида иштирок этиш учун мамлакатимизга келган Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев билан учрашув ўтказди.

Суҳбат аввалида Илҳом Алиев Ўзбекистон етакчисига Маслаҳат учрашувида иштирок этиш таклифи учун миннатдорлик билдирди.

Давлатимиз раҳбари, ўз навбатида, қардош Озарбайжон Президенти ва халқини жорий йил 8 ноябрь куни нишонланган Ғалабанинг беш йиллиги билан самимий табриклади.

Ўзбекистон Президентининг шу йил июль ойида Озарбайжонга давлат ташрифи давомида эришилган келишувларни амалга ошириш доирасида Ўзбекистон – Озарбайжон стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш ҳамда мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

Барча даражаларда самарали алмашинувлар давом этмоқда. Жорий йил бошидан товар айирбошлаш ҳажми 15 фоизга ошди. Автомобилсозлик, энергетика, туризм ва бошқа тармоқларда саноат кооперацияси бўйича қўшма лойиҳалар фаол паллага кирган.

Етакчилар бўлажак олий даражадаги учрашув ва тадбирлар режасини ҳам кўриб чиқдилар.

Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашувида иштирок этиш учун мамлакатимизга келган Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров билан учрашди.

Олий даражадаги келишувларнинг ижроси, биринчи навбатда, товар айирбошлашни кўпайтириш, саноат, транспорт, энергетика ва инфратузилма соҳаларидаги муҳим кооперация лойиҳаларини амалга оширишни жадаллаштириш чоралари кўриб чиқилди.

Фаол ҳудудлараро алоқалар ва маданий-гуманитар алмашинувларни давом эттириш муҳимлиги таъкидланди.

Президентлар минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашдилар.

Кўксарой қароргоҳида Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашувида иштирок этиш учун мамлакатимизга келган Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон билан учрашди.

Етакчилар Ўзбекистон ­– Тожикистон дўстлик, яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада кенгайтиришнинг долзарб масалаларини муҳокама қилдилар.

Ўзаро савдони кўпайтириш бўйича мувофиқлаштирилган чора-тадбирлар кўриш, саноат, энергетика, қишлоқ хўжалиги ҳамда бошқа устувор соҳаларда кооперация лойиҳаларини илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди.

Фаол маданий-гуманитар алмашинувлар ва самарали ҳудудлараро алоқаларни давом эттириш муҳимлиги таъкидланди.

Шунингдек, Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш юзасидан фикр алмашилди.

Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашувида иштирок этиш учун мамлакатимизга келган минтақа мамлакатлари ва Озарбайжон Президентлари Ўзбекистон Президенти билан биргаликда Тошкентдаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрдилар.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган марказ ислом цивилизациясининг бебаҳо меросини асраб-авайлаш ва тарғиб қилишга бағишланган ноёб манбалар, илмий тадқиқот ва таълим йўналишларини бир жойга жамлаган тарихимиздаги илк мажмуа бўлди.

Мажмуа миллий меъморий анъаналар ва замонавий безаклар уйғунлигида барпо этилди. Иншоотнинг тўрт томонида баландлиги 34 метрли пештоқлар, ўрта қисмида эса 65 метрли миллий услубдаги гумбаз қад ростлаган.

Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев, Тожикистон Президенти Президенти Эмомали Раҳмон, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров, Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Президент Шавкат Мирзиёев ҳамроҳлигида мусулмон оламининг бебаҳо маънавий дурдонаси саналган Усмон Мусҳафи сақланаётган Қуръони карим залига ташриф буюрдилар. Қуръоннинг энг қадимий қўлёзмаларидан бири бўлган ушбу нодир манба улкан тарихий ва маданий аҳамиятга эга бўлиб, минтақамиз халқларининг цивилизациявий ўзига хослигини шакллантирган чамбарчас маънавий ришталаримизни ифода этади.

Етакчилар, шунингдек, “Исломдан аввалги цивилизациялар”, “Биринчи Ренессанс”, “Иккинчи Ренессанс” ҳамда “Янги Ўзбекистон – янги Ренессанс” бўлимлари билан танишдилар.

Уларда буюк алломаларимиз Имом Бухорий, Имом Термизий, Абу Мансур Мотуридий, Баҳоуддин Нақшбанд ва бошқа улуғ уламоларнинг бой илмий ва маънавий мероси кенг ёритилган. Кўргазмада сомонийлар, қорахонийлар, хоразмшоҳлар, темурийлар ва бошқа сулолалар даврига оид қўлёзма нашрлар ва уларнинг қадимги ўзбек тилига таржималари ҳам мавжуд.

Етакчилар минтақа мамлакатлари ўртасидаги маданий алоқаларни мустаҳкамлаш, маънавий-маърифий лойиҳаларни илгари суриш ва умумий гуманитар қадриятларни ривожлантириш муҳимлигини таъкидладилар.

Минтақанинг бой умумий меросини сақлаш ва тарғиб қилиш борасидаги Ўзбекистоннинг кенг кўламли саъй-ҳаракатларига юқори баҳо берилди. Мажмуа замонавий тадқиқот маркази бўлиб хизмат қилишига, минтақа мамлакатлари ўртасида илмий, таълим ва маданий ҳамкорлик учун янги уфқлар очишига ишонч билдирдилар.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid