Ўзбекистон икки қўшниси билан «Қамбарота ГЭС-1» қурилиши бўйича музокаралар ўтказди
Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоғистон энергетика вазирликлари «Қамбарота ГЭС-1» қурилиши бўйича музокаралар ўтказди. Бу ҳақда Ўзбекистон Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазири Ж. Мирзамаҳмудов ва Сув хўжалиги вазири Ш. Хамраев, Қирғиз Республикаси Энергетика вазири Т. Ибраев, Қозоғистон Республикаси Энергетика вазири ўринбосари Ж. Нурмаганбетов ҳамда томонлардан бир қатор ташкилотларнинг раҳбар ходимлари ва мутахассислари иштирок этди.
Йиғилишда Қамбарота ГЭС-1 қурилиши лойиҳаси бўйича имзоланган “Йўл харитаси”ни амалга ошириш ишларининг бориши ҳамда ҳамкорликнинг асосий тамойилларига оид ҳужжат лойиҳаси кўриб чиқилди. Шунингдек, лойиҳани амалга оширишга тайёрлашнинг асосий босқичлари келишиб олиниб, бу борада навбатдаги йиғилишни жорий йил март ойининг сўнгги декадасида ўтказишга келишилди.
Шунингдек, Ўзбекистон ва Қозоғистон энергетика тизимлари орқали Қирғиз Республикасига электр энергияси транзитини амалга ошириш, қозоқ ва ўзбек электр энергиясини Қирғиз Республикасига етказиб бериш ҳамда Учқўрғон ГЭС орқали Ўзбекистон ва Қозоғистон Республикалари қишлоқ хўжалиги истеъмолчиларига ёзги суғориш даври учун сув чиқариш ҳажмлари келишиб олинди ҳамда навбатдаги учрашувни 2023-йилнинг октябр ойида Остона шаҳрида ўтказилиши белгилаб олинди.