platina.uz
Таҳлил

Марказий Осиё минтақасининг толерант етакчиси

Platina.uz қўшнилар билан низоли ҳолатларни бартараф этишда Шавкат Мирзиёевнинг таъсирини таҳлил қилади.

Марказий Осиё минтақасининг толерант етакчиси

Қирғизистонда Президент Садир Жапаровнинг 5 йиллик раҳбарлик фаолиятига бағишланган 4 қисмли “Президент” ҳужжатли филми намойиш этилди. Филмнинг иккинчи қисмида Қирғизистон етакчиси қирғиз-тожик чегарасидаги кескин вазият ҳақида гапириб, ўзаро келишувга эришишда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг маслаҳати ва муросаю мадора йўлини таклиф этгани уларга катта ёрдам берганини эслаган.

“Саммитларда ва учрашувларда биринчи бўлиб Тожикистон раҳбарига “келинг, ўтириб чегара масаласини гаплашиб олайлик”, деб айтдим. Аввалига у бунга рози бўлмади. Иккинчи бор учрашганимизда эса Тожикистон томони чегара масаласини муҳокама қилишга розилик билдирди. Шу ўринда алоҳида таъкидлашим керакки, бунда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг ўрни жуда катта бўлди. У киши “муаммоларни ҳозир, шу ернинг ўзида ҳал қилишингиз керак, кейин имкон бўлмаслиги мумкин. Ён беришга бориш зарур”, деб маслаҳат берди. Шундан сўнг икки раҳбар бир стол атрофида ўтириб, чегара муаммосини ҳал қилдик”, дейди Садир Жапаров.

Филмда, шунингдек, Қирғизистон ташқи ишлар вазири Жээнбек Кулубаев ҳам бу муаммонинг ҳал қилинишида Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуслари ва ҳаракатлари катта аҳамиятга эга бўлганини гапирган.

Қирғизистон етакчиси ҳамда бош дипломатининг бундай эътирофлари кучли асосларга эга. Зеро, Шавкат Мирзиеёв Ўзбекистон ҳукумати тепасига келгач, мамлакат ташқи сиёсатида туб бурилишлар юз берди. Ўзбекистон етакчиси бутун Марказий Осиё муаммоларига ҳам эътибор қаратди ва уларни ҳал қилишга катта ҳисса қўшди. Минтақада интеграцион жараёнлар бошланиши учун қулай шароит яратилишида муҳим рол ўйнади.

Можаронинг тарихий илдизлари

Марказий Осиё – ўзига хос қарама-қаршиликларга бой, тарихи, этник ва географик мураккаблиги, шунингдек, ресурслар ва инфратузилма билан боғлиқ муаммолари ўзаро чамбарчас боғланган минтақадир. Мустақилликка эришганидан сўнг ўтган ўн йилликлар давомида минтақа давлатлари ўртасидаги муносабатлар турли босқичларни бошдан кечирди, интеграция жараёнлари эса бир қатор жиддий тўсиқларга дуч келди. Бу, айниқса, Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги давлат чегарасида яққол намоён бўлди – у минтақадаги энг мураккаб ва низоли ҳудудлардан бири ҳисобланади.

Яқин-яқингача Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги умумий узунлиги 984 километрга тенг давлат чегарасининг каттагина қисми демаркация қилинмаган эди. Бу икки давлатнинг чегара ҳудудларида истиқомат қилувчи аҳоли учун сув, яйловлар ва йўллардан фойдаланиш масаласида турли муаммоларни келтириб чиқарган.

Маълумки, 1991 йилда совет иттифоқи парчаланганидан сўнг Марказий Осиё давлатлари мустақилликка эришди. Бироқ совет даврида белгиланган маъмурий чегаралар кўп ҳолларда анъанавий хўжалик алоқалари, сувдан фойдаланиш тизимлари ва этник таркибни тўлиқ ҳисобга олмаган эди. Айниқса, чегара чизиқлари анъанавий яйловлар, суғориш иншоотлари ва транспорт йўлларини кесиб ўтган ҳудудларда мураккаб вазият шаклланди.

Аслини олганда, чегара масалалари бўйича келишмовчиликлар совет давридаёқ бошланган эди. Хусусан, 1974, 1982 ва 1989 йилларда Ворух атрофида жойлашган қирғиз ва тожик қишлоқлари аҳолиси ўртасида можаролар содир бўлган. Ўшанда ҳам тушунмовчиликлар асосан ер ва сув ресурслари билан боғлиқ масалалар туфайли юзага келган.

Янги давр – янги тўқнашувлар

Сўнгги йилларда икки давлат ўртасидаги чегара ҳудудларида бир неча бор қуролли тўқнашувлар юз бериб, улар икки давлат ўртасидаги муносабатларни кескинлаштириб юборди.

Жумладан, 2021 йил апрел-май ойларида чегара ҳудудларида катта ҳамда давомли можаро юз берди. Натижада оғир ҳарбий техника қўлланилган жиддий тўқнашувлар, ўнлаб инсонларнинг ҳалок бўлиши, вайронагарчиликлар ҳамда 58 минг нафар аҳолининг эвакуация қилиниши кузатилди. Эвакуация қилинганларнинг аксарияти Қирғизистоннинг Боткен вилояти аҳолиси бўлган.

Икки мамлакат ўртасидаги чегарабўйи можароси баҳсли ҳудудда жойлашган Оқсув дарёсидаги “Головной” сув олиш иншооти атрофида бошланган. У ерда тожик чегарачилари сув тақсимотини назорат қилиш мақсадида видеокамералар ўрнатаётган пайтда, қирғиз маҳаллий аҳолиси бунга қаршилик кўрсатган.

Аслида Қирғизистоннинг Боткен туманидаги Кок-Тош қишлоғида жойлашган “Головной” сув олиш иншоотидан ҳам қирғизлар, ҳам тожиклар фойдаланади. Ушбу иншоот тожик анклави – тахминан 35 минг нафар Тожикистон фуқароси истиқомат қиладиган Ворух ҳудудига ҳам яқин жойлашган.

Қирғизистон ҳокимияти маълум қилишича, Тожикистон билан чегарада юз берган можаро пайтида ушбу мамлакат фуқаролари орасида жабрланганлар сони 173 нафардан ошган ва уларнинг 34 нафари ҳалок бўлган. Тожикистон томони эса 12 киши ҳалок бўлганини маълум қилган. Шу тариқа, расмий маълумоарга кўра, икки давлат ўртасидаги баҳсли чегара участкасидан келиб чиққан қарама-қаршилик қурбонларининг умумий сони 46 нафарни ташкил этган. Можарони тўхтатиш мақсадида икки мамлакат президентлари яна бир бор телефон орқали мулоқот ўтказган.

2022 йил сентябрида эса қирғиз-тожик чегарасида яна бир йирик можаро содир бўлди. 14 сентябр куни Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтиши режалаштирилган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити арафасида бошланган Қирғизистон ва Тожикистон ҳарбий хизматчилари ўртасидаги тўқнашувлар 19 сентябрга қадар давом этди.

Қирғизистон расмийларининг маълумотларига кўра, мазкур можаро давомида қирғиз томонидан 63 нафар инсон ҳалок бўлган, тахминан 140 минг нафар аҳоли эвакуация қилинган. Тожикистон ташқи ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, тожик томонидан 83 нафар инсон ҳалок бўлган. Қирғизистон ҳокимияти, шунингдек, жанглар вақтида 200 нафардан ортиқ тожик ҳарбий хизматчиси ҳалок бўлгани ва 400 нафарга яқини яраланганини маълум қилган. Тожикистон ҳокимияти маълумотларига кўра эса сўнгги 12 йил ичида тожик-қирғиз чегарасида қурол қўлланилган 230 тадан ортиқ ҳодиса қайд этилган.

Ушбу можароларнинг оқибатлари жуда оғир бўлди: кўплаб инсонлар ҳалок бўлди ва яраланди, улар орасида болалар ҳам бор. Аҳолининг оммавий эвакуация қилиниши, уй-жойлар, инфратузилма ва чорва молларининг йўқ қилиниши кузатилди. Икки давлат учун, айниқса энг кам таъминланган ҳудудлар учун, жиддий иқтисодий йўқотишлар юзага келди.

Ниҳоят ўт очишни тўхтатиш тўғрисида келишувга эришилган ва президентлар ўртасида тегишли сулҳлар тузилган. Шу тариқа, 2022 йил 20 сентябрда томонлар тинчлик келишувини имзолади. 2025 йил февралида эса икки мамлакат махсус хизматлари раҳбарлари чегарани делимитация қилиш бўйича келишувни имзоладилар, бу эса кескинликнинг маълум даражада пасайишига олиб келди.

Янги сиёсий муҳит: Шавкат Мирзиёев ва минтақавий муносабатларда бурилиш

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳокимият тепасига келиши билан Марказий Осиёда мутлақо янги сиёсий муҳит шакллана бошлади. Тошкент минтақадаги қўшнилар билан очиқ, прагматик ва ишончга асосланган муносабатларни устувор вазифа сифатида белгилади.

Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг мунтазам маслаҳат учрашувлари йўлга қўйилди. Бу учрашувлар минтақада илгари кузатилмаган даражадаги очиқ мулоқот майдонига айланди. Ушбу формат давлатлар ўртасидаги ўзаро ишончни мустаҳкамлаш, мавжуд муаммоларни очиқ муҳокама қилиш ва ўзаро манфаатли қарорлар қабул қилишга хизмат этмоқда.

Тинчлик ўрнатиш ва чегара масалаларида воситачилик

Қирғизистон ва Тожикистон ўртасида юз берган можаролар даврида Шавкат Мирзиёев ҳар икки давлат раҳбарлари билан телефон орқали ва кейинчалик юзма-юз мулоқотлар ўтказди.

Масалан, 2021 йил 20 апрел куни Шавкат Мирзиёев ва Садир Жапаровнинг телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди. Суҳбатда президентлар Қирғизистон-Тожикистон чегарасида юзага келган вазиятни ва уни тез фурсатда ҳал қилишни муҳокама этди. Қирғизистон ва Тожикистон томонлари вазиятни барқарорлаштириш ва унинг янада кескинлашишига йўл қўймасликка қаратилган келишувларга эришгани мамнуният билан қайд этилди. Юзага келаётган барча баҳсли масалалар кўп асрлик дўстлик, яхши қўшничилик, ишонч ва шериклик руҳидаги мулоқот асосида ҳал қилиниши зарур экани таъкидланди.

Умуман, Ўзбекистон томони кўп ҳолларда музокаралар учун нейтрал ва ишончли майдон вазифасини бажариб, қарама-қарши томонларни мулоқотга чорлади. Натижада чегара масалалари бўйича тарихий келишувларга эришилди, жумладан, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон давлат чегараларининг туташ нуқтаси бўйича келишув имзоланди. Бундай улкан натижа кўплаб халқаро ташкилотлар ва давлат раҳбарлари томонидан ҳам алоҳида эътироф этилди. Жумладан, Россия президенти Владимир Путин Шавкат Мирзиёевга, Садир Жапаровга ҳамда Имомали Раҳмонга Лев Толстой номидаги Халқаро тинчлик мукофотини топширди. Уч давлат раҳбарлари Марказий Осиё минтақасида тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашга қўшган катта шахсий ҳиссалари учун ушбу нуфузли мукофотга сазовор бўлишди.

Тақдир маросимида айтилганидек, 2025 йил 31 март куни уч давлат раҳбарлари Хўжанд шаҳрида давлат чегараларининг туташ нуқтаси тўғрисидаги Шартномани ҳамда Абадий дўстлик ҳақидаги Хўжанд декларациясини имзолаб, халқаро ҳуқуқ устуворлиги асосида умумий ва тенг хавфсизликни таъминлаш, халқлар ўртасида ўзаро англашув ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга салмоқли ҳисса қўшган.

Иқтисодий интеграция ва инфратузилмавий лойиҳалар

Шавкат Мирзиёев минтақавий интеграцияни фақат сиёсий мулоқот билан чеклаб қўймасдан, уни иқтисодий ва инфратузилмавий асослар билан мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратмоқда. Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўли, трансафғон транспорт йўлаклари, савдо-логистика занжирларини ривожлантириш каби лойиҳалар Марказий Осиёни ягона иқтисодий маконга айлантиришга қаратилган.

Ўзаро савдо ҳажмининг ошиши, инвестиция лойиҳаларининг кўпайиши ва гуманитар алоқаларнинг фаоллашуви давлатлар ўртасидаги ишончни янада мустаҳкамламоқда.

Таъкидлаш лозим, Ўзбекистон Президенти минтақада таъсирчан дипломатия олиб бормоқда. Бундай жараёнларда давлат раҳбарлари ўртасидаги мунтазам ва очиқ мулоқот, халқаро ташкилотлар доирасида мувофиқлаштирилган позициялар, институционал ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган ташаббуслар, иқтисодий ўзаро боғлиқликни кучайтириш орқали сиёсий барқарорликка эришиш каби жиҳатлар алоҳида ўрин тутади.

Хулоса: умумий келажак сари ишонч ва ҳамжиҳатлик билан

Бугун Марказий Осиё муҳим тарихий босқични бошдан кечирмоқда. Қирғиз-тожик чегарасидаги можаролар каби низолар ўтмиш сабоқлари сифатида қолмоқда. Улар минтақада тинчлик ва барқарорликнинг қай даражада ноёб неъмат эканини яна бир бор эслатди.

Шавкат Мирзиёев бошчилигида Ўзбекистон Марказий Осиёда ишонч, мулоқот ва ҳамкорликка асосланган янги сиёсий маданиятни шакллантиришга муҳим ҳисса қўшмоқда. Бугун минтақа давлатлари тобора яқинлашиб, умумий манфаатлар йўлида ҳаракат қилмоқда. Ана шу интеграция жараёнларида Ўзбекистон ва унинг Президентининг роли ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда. Шу боис ҳақли равишда Шавкат Мирзиёевни нафақат Ўзбекистон, балки бутун минтақа тақдирида туб бирилишлар ясай олган минтақавий етакчи сифатида ҳам эътироф этиш ўринли бўлади. Қирғизистон раҳбарларининг юқорида зикр этилган ҳужжатли филмдаги эътирофлари – бунафақат миннатдорлик, балки минтақавий сиёсатдаги реал воқеликнинг тасдиғи бўлди.

Абулфайз Сайидаcқаров

© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid