Click компанияси қарийб 187 млрд сўм соф фойда кўрди
Фойдадан 36 миллиард сўм дивидендлар тўлаш учун ажратилган.

Click компанияси қарийб 187 млрд сўм соф фойда кўргани маълум бўлди.
14 ноябр куни Click АЖ акциядорларининг навбатдан ташқари умумий йиғилиши бўлиб ўтди. Унда компаниянинг тақсимланмаган соф фойдасидан дивиденд тўлаш масалалари муҳокама қилинди.
Йиғилишда Жамиятнинг Ҳисоб комиссияси уч кишидан иборат таркибда тасдиқланди:
Булах Алексей Сергеевич,
Массино Евгения Валеревна,
Файзиев Рустам Муроджонович.
Мазкур шахслар орасида Рустам Файзиев Click’нинг ҳамтаъсисчиларидан бири ҳисобланади.
Click — Ўзбекистондаги энг йирик тўлов ташкилотларидан бири ҳисобланиб, унга 2011 йилда уч нафар ҳамкор — мактабдошлар Улуғбек Рустамов, Рустам Файзиев ҳамда уларнинг банк соҳасидаги таниши Баходир Абдукадиров томонидан асос солинган.
Йиғилиш якунига кўра, Click’нинг 186 миллиард 625 миллион 463 минг сўм миқдоридаги тақсимланмаган соф фойдаси бўйича қарорлар қабул қилинди. Унга кўра, 36 миллиард сўм дивидендлар тўлаш учун ажратилди, қолган 150 миллиард 625 миллион 463 минг сўм эса тегишли кейинги қароргача тақсимланмаган ҳолда қолдирилди.
Акциядорларга тўланадиган дивиденд миқдори ҳар бир жойлаштирилган акция учун 1 800 сўм этиб белгиланди. Дивидендлар пул шаклида, Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси ёки инвестиция воситачиси орқали, амалдаги қонунчилик талаблари асосида тўланади. Дивиденд тўлаш 2025 йил 14 ноябрдан бошланади ва 60 кун давом этиб, 2026 йил 12 январда якунланади.
Аввалроқ Click ва Қозоғистоннинг йирик банки Halyk банки ўртасида келишув имзоланган эди.