Саида Мирзиёева BlackRock раҳбарлари билан учрашди
Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёеванинг АҚШга ташрифи юқори даражадаги муҳим учрашувлар билан қизғин давом этмоқда.

Саида Мирзиёева Нью-Йоркда “BlackRock” раҳбарияти — компания президенти Роберт Капито, вице-раис Томас Донилон, “Global Infrastructure Partners” раиси ва бош ижроия директори Адебайо Огунлесси, Молиявий ва стратегик инвесторлар гуруҳи глобал раҳбари ҳамда компаниянинг Яқин Шарқ минтақаси бўйича раҳбари Чарльз Хатами билан учрашди.

Мулоқот давомида 2027 йилда Тошкент халқаро молия маркази фаолиятини йўлга қўйиш масаласи муҳокама қилинди. BlackRock ушбу Марказ концепцияси ва тузилмасини ишлаб чиқишда кўмаклашмоқда.


АҚШ ишбилармон доиралари вакиллари иштирокидаги қўшма давра суҳбатида Ўзбекистон ҳамда минтақанинг яқин ўн йилликларга мўлжалланган ривожланиш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.

Ўзбекистон йирик, самарали, сифатли сармоялар учун янги имкониятлар майдонига айланаётгани таъкидланди.




