platina.uz
Сиёсат

Президент администрациясининг АҚШдаги вакили лавозими таъсис этилади

Ушбу лавозим 2026 йил 1 январдан Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси тузилмасига киритилади.

Президент администрациясининг АҚШдаги вакили лавозими таъсис этилади

Президент администрациясининг АҚШдаги вакили лавозими таъсис этилади. Ушбу лавозим 2026 йил 1 январдан Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси тузилмасига киритилади. Президентнинг "Америка-Ўзбекистон ишбилармонлик ва инвестиция кенгашини ташкил этиш тўғрисида"ги фармони эълон қилинди.

Унга кўра, Президент Администрацияси раҳбарига Ўзбекистон томонидан Кенгаш таркибини, унинг регламентини ва фаолияти тартиб-таомилларини тасдиқлаш ваколати берилади.

Кенгашга кўриб чиқиш учун киритиладиган қуйидаги масалаларни ишлаб чиқиш устувор ҳисобланади:

(а) стратегик бизнес ташаббуслар, йирик инвестиция ва савдо лойиҳалари ишлаб чиқилиши ва келишилишини мувофиқлаштириш, шунингдек, улар амалга оширилишини доимий мониторинг қилиш;

(б) Ўзбекистонга қўшимча инвестицияларни жалб этиш учун махсус инвестиция фондини яратиш, йирик инвесторлар сифатида Халқаро молиявий тараққиёт корпорацияси (DFC)ни ва Ўзбекистон томонидан ҳам инвесторларни белгилаш, шунингдек, муҳим инфратузилмавий ва стратегик лойиҳаларни молиялаштириш ва хатарларни тақсимлаш учун йирик молия институтларини (ЕТТБ, ХМК, ОТБ) жалб қилиш;

(в) тариф ставкаларини ўзаро пасайтириш масалалари бўйича музокараларни давом эттириш;

(г) Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки (IT-парк) резидентлари бўлган компаниялар маҳсулотлари ва хизматларини тизимли равишда илгари суриш;

(д) мамлакатнинг инвестиция портфелини, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки валюта захирасининг бир қисмини ва бошқа активларини диверсификациялаш бўйича таклифлар киритиш.

Маслаҳатчи-элчи зиммасига қуйидаги вазифалар юклатилади:

- Ўзбекистон ва АҚШда йирик ва стратегик инвестиция ва савдо лойиҳаларини амалга ошириш масалалари бўйича тўғридан-тўғри ташаббус кўрсатиш ва муҳокама қилиш;

- Ўзбекистон томонидан Кенгаш ишини комплекс мувофиқлаштириш.

2026 йил 1 январдан бошлаб хорижий корхоналарнинг устав фондини шакллантириш (ёки капиталда иштирок этиш) учун АҚШдаги инвестиция фаолияти бўйича резидентлар операциялари – Ўзбекистон Республикасидаги банкларда резидентлар ҳисобларидан пул маблағларини ўтказиш, АҚШдаги филиалларини айланма маблағлар билан тўлдириш чекловларсиз, резидентлар ҳисобларидаги маблағлар доирасида амалга оширилади.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid