platina.uz
Tashkent Content Market — 4–5 fevral 2027, tcm.uz
Жамият

Илк бор ўзбекистонлик олима Бутунжаҳон фанлар академияси вице-президенти этиб сайланди

Ўзбекистон ва бутун Марказий Осиё тарихида илк бор Шаҳло Турдиқулова Бутунжаҳон фанлар академияси вице-президенти этиб сайланди. Бутунжаҳон фанлар академияси 112 мамлакатнинг етакчи тадқиқотчиларини, жумладан, Нобел мукофоти лауреатларини бирлаштиради. 

Илк бор ўзбекистонлик олима Бутунжаҳон фанлар академияси вице-президенти этиб сайланди

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси вице-президенти, профессор Шаҳло Турдиқулова 2027–2028 йиллар учун Бутунжаҳон фанлар академиясининг (TWAS) Марказий ва Жанубий Осиё бўйича вице-президенти этиб сайланди. Ш.Турдиқулова академиянинг бутун тарихи давомида унинг раҳбариятига сайланган Ўзбекистон ва бутун Марказий Осиёнинг илк вакили бўлди.

Бутунжаҳон фанлар академияси 112 мамлакатнинг етакчи тадқиқотчиларини, жумладан, Нобел мукофоти лауреатларини бирлаштиради. Физика бўйича Нобел мукофоти лауреати Абдус Салам ташаббуси билан 1983 йилда ташкил этилган TWAS ривожланаётган мамлакатларда илм-фан тараққиётини қўллаб-қувватлайди. Академия ЮНЕСКОнинг дастурий бўлинмаси бўлиб, унинг бош қароргоҳи Италиянинг Триест шаҳрида жойлашган.

Сайлов натижалари TWAS аъзоларининг овоз бериши асосида аниқланди. Шаҳло Турдиқулова академиянинг олт нафар вице-президентидан бири сифатида 2027 йил 1 январдан ўз ваколатларини бажаришга киришади. У 2025 йилдан Бутунжаҳон фанлар академияси аъзоси ҳисобланади.

TWASнинг янги Кенгашига Хитой Фанлар академияси президенти Хоу Цзянго раҳбарлик қилади. Шаҳло Турдиқулова Кенгаш таркибида академия фаолиятининг стратегик йўналишларини белгилаш, халқаро илмий ҳамкорликни ривожлантириш ва тадқиқотчиларни қўллаб-қувватлашда иштирок этади. Унинг сайланиши Марказий Осиёга TWASнинг илмий кун тартибини шакллантиришда раҳбарият даражасида бевосита иштирок этиш имконини беради.

Маълумот ўрнида: биология фанлари доктори Шаҳло Турдиқулова — биотехнология, биокимё ва инсон генетикаси соҳаларидаги олим, Илғор технологиялар маркази директори. У докторлик диссертациясини тайёрлаш доирасида Лос-Анжелесдаги Калифорния университетининг (UCLA) мембрана биологияси лабораториясида тадқиқотлар олиб борган. 2025 йилда Оксфорд университетининг ташкилий етакчилик бўйича дипломини — Postgraduate Diploma in Organisational Leadership — олган.

Унинг илмий фаолияти Марказий Осиё аҳолиси генетикасини ўрганиш ва Ўзбекистонда биотехнологияларни ривожлантириш билан боғлиқ. Унинг раҳбарлигида COVID-19ни аниқлашга мўлжалланган илк маҳаллий ПЗР-тест тизими ҳамда Ўзбекистон–Хитой ҳамкорлигидаги ZF-UZ-VAC 2001 вакцинаси ишлаб чиқилган.

TWAS илмий тадқиқотлар учун грантлар ажратади, илмий кадрлар тайёрлашга кўмаклашади, тадқиқот марказлари ўртасидаги алмашинувларни қўллаб-қувватлайди ва илмий дипломатияни ривожлантиради.

Телеграмда кузатиб боринг!

Тавсия этамиз

© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid