Исроилни қаттиқ ҳимоя қилгани учун таниқли актриса мукофотланди
Голливуд актрисаси Гал Гадот Исроилнинг нуфузли 2026 йилги Генесис мукофоти билан тақдирланди. Ўтган йил Аргентина президенти Хавер Милейи ушбу мукофотни олганди.

Исроилни қаттиқ ҳимоя қилган таниқли актриса мукофотланди.
Ўтган йил Аргентина президенти Хавер Милейи ушбу мукофотни қўлга киритган эди.
Голливуд актрисаси Гал Гадот Исроилнинг нуфузли 2026 йилги Генесис мукофоти билан тақдирланди. У бу мукофотга “шахсий ва профессионал хавф-хатарларга қарамай Исроилни қатъий ҳимоя қилгани” учун сазовор бўлди.
Ҳар йили 1 миллион долларлик ушбу мукофот ўз касбий ютуқлари, инсониятга қўшган ҳиссаси ва яҳудий қадриятларига садоқати билан ажралиб турган шахсларга берилади. Генесис мукофоти жамғармасининг маълумотига кўра, Гадот ушбу 1 миллион долларлик мукофотни Исроилда “чуқур жисмоний ва руҳий жароҳатларни тузатиш йўлида ишлаётган” нодавлат ташкилотларга эҳсон қилмоқчи.
Ушбу мукофотни қўлга киритганлар орасида Олий суд собиқ судьяси Рут Бейдер Гинзбург, машҳур қўшиқчи Барбра Стреисанд, режиссёр Стивен Спилберг ҳам бор. Аввалги ғолибларнинг кўпчилиги мукофот пулларини хайрия ишларига йўналтирган.
“Мен Генесис мукофотини олишдан фахрланаман ва мендан аввал бу шарафга сазовор бўлган ажойиб инсонлар қаторида туришимдан миннатдорман. Мен яҳудийлигимдан, исроиллик эканлигимдан фахрланаман. Мен ўз мамлакатимни севаман ва ушбу мукофотни Исроилнинг соғайишига ёрдам берадиган ташкилотларга ҳамда раҳмдилликнинг олд сафларида хизмат қилаётган ажойиб одамларга бағишлайман” — деди Гадот берган баёнотида.
“Гал Гадотнинг ахлоқий юксаклиги ва Исроилга бўлган қатъий муҳаббати миллионлаб одамларга илҳом берди,” — деди Генесис мукофоти жамғармаси ҳаммуассиси ва раиси Стен Половетс ўз баёнотида. — “Бу мукофот унинг жасорати ва ахлоқий қатъиятини эътироф этади — шахсий ва профессионал хавфларга қарамай Исроилни қатъий ҳимоя қилгани, асирлар учун олиб борган кураши, террор қурбонларига раҳм-шафқати ва ҲАМАС бошлаган бу даҳшатли урушдаги барча бегуноҳ қурбонларга нисбатан ҳамдардлиги учун. Гадотнинг Генесис мукофотини шифо ва бирлашув миссиясига айлантириш қарори мукофотнинг асл мақсадини — ютуқларни эътироф этиш ва уларни яхшилик йўлида йўналтириш ғоясини — мукаммал ифодалайди".