platina.uz
Жамият

Давлат тиббиёт муассасалари 5 кунлик иш ҳафтасига ўтади

Ходимларга лавозим маошининг 10 фоизи миқдорида ойлик устама тўланади, ипотека олишда ва бошқа имтиёзлар ҳам берилади.

Давлат тиббиёт муассасалари 5 кунлик иш ҳафтасига ўтади

2026 йил 1 апрелдан бошлаб давлат тиббиёт муассасаларининг иш вақти беш кунлик иш ҳафтасига ўтказилади. Бунда тиббиёт муассасалари иш фаолиятининг узлуксизлигини таъминлаш учун байрам ва дам олиш кунлари навбатчилик асосида ишлаш йўлга қўйилади.

Бу ҳақда "Тиббиёт ва фармацевтика ходимларини қўллаб-қувватлаш чоралари тўғрисида"ги президент қарорида сўз боради.

2026 йил 1 январдан бошлаб:

  • туман (шаҳар) даражасида янги даволаш усулларини жорий қилган ва унинг ижобий самарасига эришган туман (шаҳар) тиббиёт муассасалари шифокорларига базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари миқдорида бир марталик пул мукофоти берилади;
  • давлат тиббиёт муассасаларида камида 15 йил иш стажига эга бўлган тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг фарзандларига республика ҳудудидаги олий таълим ташкилотларида бакалавриат таълим йўналиши бўйича йиллик контракт суммасининг 30 фоизи миқдоридаги, бироқ базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 бараваридан ошмайдиган қисми қоплаб берилади;
  • тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг халқаро илмий-техник маълумотлар базасида индексланувчи ва юқори импакт-факторли журналларда мақолаларни чоп этиш билан боғлиқ харажатлари тўлиқ қоплаб берилади;
  • ҳар йили давлат тиббиёт муассасаларида камида 15 йил иш стажига эга бўлган 500 нафар тиббиёт ва фармацевтика ходимларини уй-жой билан таъминлаш учун ипотека кредити асосида сотиб олинадиган уй-жойнинг дастлабки бадал тўловининг 25 фоизи қоплаб берилади.

Миллий аккредитациядан ўтган давлат тиббиёт муассасалари ходимларига 2026 йил 1 январдан бошлаб лавозим маошининг 10 фоизи миқдорида ойлик устама тўланади.

2026 йил 1 январдан бошлаб давлат тиббиёт муассасаларининг тиббиёт ва фармацевтика ходимларига қуйидаги қўшимча имтиёзлар берилади:

  • давлат тиббиёт муассасаларида камида 3 йил иш стажига эга бўлган ходимларга Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан бир йилда бир маротаба бепул юқори технологик ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш;
  • давлат тиббиёт муассасаларида камида 15 йил иш стажига эга бўлган ходимларга Касаба уюшмалари федерацияси ҳамда тиббиёт муассасасининг маблағлари ҳисобидан бир йилда бир маротаба республика ҳудудидаги санаторийларга бепул йўлланма бериш;
  • барча турдаги давлат хизматлари учун тўловлар миқдорини икки баробар камайтириш.
© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid