Фарғонада 1,4 млрд сўмлик субсидия пуллари ўзлаштириб юборилди
Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозир дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

2023-2024 йиллар давомида тадбиркорлик субъектларига ажратилган жами 9,3 млрд сўм миқдоридаги субсидия маблағларидан 1,4 млрд сўмлик қисми ўзлаштириб юборилган.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 22 июлдаги 307-сон қарори асосида ажратилган субсидия маблағларининг мақсадли ва самарали сарфланиши бўйича Фарғона вилоятида ўрганиш ўтказган.
Жумладан:
- Учкўприк туманида 2 та юридик шахс томонидан 37 нафар касаначига 309,4 млн сўмлик;
- Риштон туманида 1 та юридик шахс томонидан 42 нафар касаначига 277,2 млн сўмлик;
- Бағдод туманида 2 та юридик шахс томонидан 54 нафар касаначига 275 млн сўмлик;
- Бешариқ туманида 1 та юридик шахс томонидан 33 нафар касаначига 192,4 млн сўмлик;
- Қўқон шаҳрида 1 та юридик шахс томонидан 17 нафар касаначига 160,5 млн сўмлик;
- Фарғона туманида 1 та юридик шахс томонидан 14 нафар касаначига 106,3 млн сўмлик;
- Фарғона шаҳрида 1 та юридик шахс томонидан 15 нафар касаначига 98 млн сўмлик;
- Данғара туманида 1 та юридик шахс томонидан 7 нафар касаначига 51 млн сўмлик;
- жами 335 млн сўмлик субсидия маблағлари асоссиз ажратилганлиги аниқланган.
Хусусан, 6 нафар фуқаро номига икки маротаба, яъни такрорий тарзда жами 34,9 млн сўмлик субсидия қарор талабларига зид равишда ажратилган.
Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 11 майдаги 252-сон қарори асосида вилоят бўйича тадбиркорлик ва ўзини ўзи банд қилиш фаолиятини бошламоқчи бўлган, жумладан, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ҳамда “Ёшлар дафтари”га киритилган 47 нафар фуқарога асбоб-ускуналар хариди йўналишида аввал субсидия маблағи олган бўлишига қарамасдан, такроран жами 300,1 млн сўм субсидия ажратилган.
Қарор талаби бўйича Камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигига кўмаклашиш бўлими ходимлари ҳамда ҳоким ёрдамчилари томонидан субсидия маблағларини мақсадли сарфланиши юзасидан мониторинг тадбирлари орқали назорат қилиб бориш ишларида ҳам масъулиятсизлик ва қўпол хатоларга йўл қўйилган.
Тўпланган материаллар асосида Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозир дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.