Ўтган йили коррупция бўйича 7,5 мингдан ошиқ киши жавобгарликка тортилди
Энг кўп коррупцияга оид жиноятлар мактабгача ва мактаб таълими, соғлиқни сақлаш, маҳаллий ҳокимликлар ҳамда тижорат банклари ҳиссасига тўғри келган.

2025 йилда коррупцияга оид жиноятлар бўйича 7 517 нафар шахс жиноий жавобгарликка тортилган, давлат манфаатларига 2,9 трлн сўмдан ортиқ зарар етказилган.
Бу ҳақда Сенатнинг 18-ялпи мажлисида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан тақдим этилган Коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги миллий маърузасида айтилади.
Энг кўп коррупцияга оид жиноятлар мактабгача ва мактаб таълими, соғлиқни сақлаш, маҳаллий ҳокимликлар ҳамда тижорат банклари ҳиссасига тўғри келган.
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг ҳар тўртинчисида коррупциявий омиллар аниқланган, давлат харидлари соҳасида 12,6 трлн сўмлик қонунбузилишлар қайд этилган, айрим давлат органлари ва ҳудудлар коррупцияга қарши курашиш самарадорлиги ҳамда очиқлик индекси бўйича қониқарсиз натижа кўрсатган.
Муҳокама жараёнида Сенат аъзолари томонидан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, вазирлик ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятини янада такомиллаштиришга қаратилган таклифлар билдирилди.
Муҳокама якунида Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.
