platina.uz
Жамият

Тошкент вилоятида солиқ катта инспектори қўлга тушди

У Ангрендаги чорвачиликка ихтисослашган фермер хўжаликда ўтказилаётган сайёр солиқ текширувини ижобий ҳал қилиш эвазига 5 минг доллар олаётганда ушланди. 

Тошкент вилоятида солиқ катта инспектори қўлга тушди

Тошкент ва Навоий вилоятларида коррупция ҳолатлари аниқланди.

Тошкент вилояти Солиқ бошқармасининг сайёр солиқ текширувлари бўлими катта инспектори ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда, Ангрен шаҳрида фаолият юритувчи, боғдорчилик ва чорвачиликка ихтисослашган фермер хўжаликда ўтказилаётган сайёр солиқ текширувини ижобий ҳал қилиб, 1 йил давомида солиқ органлари томонидан текширув ўтказмаслик эвазига хўжалик раҳбаридан 5 минг АҚШ доллари миқдорида пора талаб қилади.

Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент билан ҳамкорликда Оҳангарон туманида ўтказилган тезкор тадбирда солиқ инспектори ўз ҳаракатлари қонунга хилоф эканлигини билгани ҳолда, ушбу пул маблағини тамагирлик йўли билан олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Бошқа ҳолатда эса Навоий вилоятидаги туманлардан биридаги болалар ва ўсмирлар спорт мактаби директори ҳамда бош ҳисобчиси ўзаро тил бириктириб, мактаб мураббийига ажратилиши лозим бўлган хизмат сафари пулидан қўштирноқ ичида улуш олишни режа қилишади.

Хусусан, улар жорий йилнинг март ва май ойларида пара енгил атлетика спорт тури бўйича мураббий 8 нафар спортчи билан Тошкент вилоятида ўтказилган мусобақада иштирок этганлиги бўйича тўланиши керак бўлган жами 40 млн 722 минг сўм миқдоридаги хизмат сафари пулларини тўлаб бериш эвазига ушбу суммадан 40 фоизини, яъни 16 млн сўмдан ортиқроқ қисмини беришини талаб қилишади.

Сўнгра бош ҳисобчи мураббийнинг банк пластик картасига хизмат сафари пули ҳисобидан 10 млн сўм ўтказиб бериб, шундан 3 млн. сўмни пора сифатида олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан ушланди.

Ҳозирда ҳар икки ҳолат юзасидан мазкур мансабдор шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг 210-моддаси 2-қисмининг тегишли бандлари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Андижонда туман ҳокими ўринбосари қўлга олинганди.

У дўкон қуриш учун ҳужжатларни расмийлаштириб бериш баҳонасида фуқародан пул талаб қилган.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid