"Келажак мероси" халқаро мукофоти таъсис этилди
Мукофотнинг ҳар бир йўналиши бўйича ғолиблар 10 минг доллар миқдоридаги бир марталик пул мукофоти билан тақдирланади.

"Келажак мероси" халқаро мукофотини таъсис этиш тўғрисидаги қарор эълон қилинди.
Ўзбекистоннинг "маданий-маърифий асосларини мустаҳкамлаш, мамлакатнинг бу борадаги халқаро обрў-эътиборини ошириш қадимий тарихий мерос намуналари, маданий бойликлар, илмий ютуқ ва инновацион ғояларни турли шаклларда, жумладан, илмий, адабий-бадиий, тасвирий йўллар билан фаол тарғиб этиш, уларнинг нафақат бугунги, балки келгуси тараққиётга хизмат қиладиган таъсирчан воситага айлантиришга қаратилган интилиш ва амалий ҳаракатлар" бугунги кунда муҳим аҳамиятга эга.
Қарорнинг мақсади — адабиёт, маданият, санъат, илм-фан, таълим ва рақамли технологиялар соҳаларида юқори натижаларга эришаётган ҳамда миллий ва умумбашарий қадриятлар ривожига, глобал маданий тараққиётга муносиб ҳисса қўшиб келаётган маҳаллий ҳамда хорижий ижодкор ва зиёлиларни рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш этиб белгиланган.
"Келажак мероси" халқаро мукофоти учун танловлар 2025 йилдан бошлаб ҳар йили қуйидаги йўналишларда ўтказилади:
-адабиёт;
-маданий мерос;
-театр ва кино;
-мусиқа ва рақс;
-тасвирий ва амалий санъат;
-мода ва дизайн;
-илм-фан, таълим ва рақамли технологиялар.
Халқаро мукофотнинг ҳар бир йўналиши бўйича ғолиблар статуэтка, диплом ва 10 минг доллар миқдоридаги бир марталик пул мукофоти билан тақдирланади.
Мукофот учун Маданият вазирлиги ишчи орган ҳисобланадиган кенгаш тузилади. Вазирлар Маҳкамасига бир ҳафта муддатда "Келажак мероси" халқаро мукофоти тўғрисидаги низомни тасдиқлаш топширилди.
Ташқи ишлар вазирлиги Халқаро мукофотни хорижий мамлакатларда кенг оммалаштиришга ва ғолиб деб топилган чет эллик иштирокчиларнинг мамлакатимизга таклиф этилишига кўмаклашадм, шунингдек, уларга кириш визаларини, зарур ҳолларда “Тошкент” ва “Самарқанд” халқаро аэропортларида расмийлаштиришни таъминлайди.
Халқаро мукофот танловини ташкил этиш ва уни ўтказиш бўйича харажатлар 2025 йилда Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармаси ҳисобидан молиялаштирилади, 2026 йилдан бошлаб эса Давлат бюджети параметрларида назарда тутилади.