platina.uz
Жамият

Электр учун ҳисобланган 1 млрд сўмдан ошиқ пул истеъмолчига қайта ҳисоб-китоб қилинади

Алоқа соҳасида фаолият олиб бораётган хўжалик юритувчи субъект “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ ва унинг “Энергиясавдо” филиали ҳаракатларидан норози бўлиб мурожаат қилган. 

Электр учун ҳисобланган 1 млрд сўмдан ошиқ пул истеъмолчига қайта ҳисоб-китоб қилинади

Электр энергияси учун 1 млрд сўмдан ортиқ асоссиз ҳисобланган даромадни истеъмолчига қайта ҳисоб-китоб қилиш тўғрисида кўрсатма берилди. Бу ҳақда Рақобат қўмитаси хабар берди.

Тошкент шаҳрида алоқа соҳасида фаолият олиб бораётган хўжалик юритувчи субъект “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ ва унинг “Энергиясавдо” филиали ҳаракатларидан норози бўлиб қўмитага мурожаат қилган.

Олиб борилган ўрганишлар давомида, ҳисобга олиш ускунаси ҳудудий электр тармоқлари корхонаси томонидан уланган бўлишига қарамай ундаги иккиламчи занжирлари алмашиб улаб қўйилганлиги, мазкур техник хатолик учун истеъмолчига охирги уч йил учун 1 млрд сўмдан ортиқ қўшимча тўлов ҳисобланганлиги маълум бўлган.

Техник хатолик масаласи янги электр энергиясидан фойдаланиш қоидаларида назарда тутилиб, эски таҳрирдаги қоидаларда қайд этилмаганлиги, шунингдек мазкур ҳисоблагичга тўғри уланган субистеъмолчининг ҳисоблагич кўрсаткичлари чегириб ташланмасдан ҳисобланганлиги аниқланган.

Маълумот учун, “Рақобат тўғрисида”ги Қонуннинг 18-моддасига асосан устун мавқега эга бўлган хўжалик юритувчи субъектнинг пировард натижада рақобатни чеклашга ва (ёки) истеъмолчиларнинг, бошқа хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини камситишга олиб келадиган ҳаракатлари, шу жумладан белгиланган нархлардан ортиқча ҳақ олиш устун мавқени суиистеъмол қилиш деб эътироф этилади ҳамда тақиқланади.

Юқоридагиларга асосан, ҳудудий бошқарма Махсус комиссияси томонидан “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ ва унинг “Энергиясавдо” филиалига нисбатан “Рақобат тўғрисида”ги Қонун талаблари бузилиши юзасидан иш қўзғатилиб, ишни кўриб чиқиш якунлари бўйича истеъмолчига асоссиз ҳисобланган 1 млрд 97 млн сўмни қайта-ҳисоб-китоб қилиш ҳамда ушбу қонун бузилиш ҳолатини бартараф этиш ва келгусида йўл қўймаслик, шунингдек таъминотчининг электр энергиясидан фойдаланиш қоидалари талабларига амал қилинганлигига баҳо бериш мақсадида тегишли ҳужжатларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга юбориш тўғрисида қарор чиқарилиб, кўрсатма берилди.

Маълумот ўрнида. Махсус комиссиянинг ушбу қарори ва кўрсатмасидан норози бўлган томон Қўмитанинг Апелляция кенгашига ёки судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid