Фориш туманига янги ҳоким тайинланди
Соҳиб Исломов Аграр университетидаги ёнғин бўйича гумондор сифатида кўрилган, аммо кейин айби исботланмаган.

1 ноябр куни Фориш туманида Халқ депутатлари туман Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди.
Сессия ишида Жиззах вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Улуғбек Мустафоев ҳамда Президент маслаҳатчиси Шуҳрат Ғаниев иштирок этди.
Йиғилиш кун тартибида ташкилий масала кўриб чиқилди.
Унда вилоят ҳокими Фориш тумани ҳокими лавозимига Исломов Соҳиб Яхшибекович номзодини депутатларга тавсия этди.
Депутатлар томонидан вилоят ҳокимининг таклифи бир овоздан маъқулланиб, Исломов Соҳиб Яхшибекович Фориш тумани ҳокими этиб тайинланди.
Соҳиб Исломов бугунги кунга қадар “Қишлоқ хўжалигида юқори технологиялар агротехнопарки махсус саноат зонаси дирекцияси” масъулияти чекланган жамият директори лавозимида фаолият юритиб келган.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йилда Аграр университетида катта ёнғин юз берганди. Ўшанда биринчи проректор вазифасида ишлаган Исломов ёнғин бўйича гумондор сифатида кўрилган, аммо кейин айби исботланмаган.