Узоқ кутилган учрашув: Трамп ва Си нималарга келишиб олди?
Улар Хитой ва АҚШ ўртасидаги савдо урушини юмшатиш бўйича келишувга эришганини эълон қилдилар. Бу келишув глобал бозорларга ижобий таъсир кўрсатади.

АҚШ президенти Доналд Трамп ва Хитой раҳбари Си Цзинпин савдо бож тарифлари ҳамда нодир металлар бўйича келишувга эришди.
Доналд Трамп Си Сзинпин билан узоқ кутилган учрашувини “катта муваффақият” деб атади.
Уларнинг учрашуви натижасида томонлар божларни камайтириш ва муҳим нодир металларнинг етказиб берилишини таъминлаш бўйича келишувга эришдилар.
Трамп ва Си бугун Хитой ва АҚШ ўртасидаги савдо урушини юмшатиш бўйича келишувга эришганини эълон қилдилар. Бу келишув глобал бозорларга ижобий таъсир кўрсатади: Вашингтон айрим божларни камайтиради, Хитой эса муҳим нодир металларни узлуксиз етказиб беришни давом эттиради.
Трамп сўнгги олти йилдаги биринчи учрашувини “ажойиб натижа” деб атади, Си эса икки мамлакат ўртасидаги зиддиятларни ҳал қилиш йўлида “муҳим келишувга эришилганини” таъкидлади.
“Бу ажойиб учрашув бўлди”, — деди Трамп Жанубий Кореянинг Бусан шаҳрида бўлиб ўтган музокаралардан сўнг. У Си Цзинпинни “кучли мамлакатнинг буюк етакчиси” деб атади ҳамда апрел ойида Хитойга ташриф буюришини маълум қилди.
Трампнинг сўзларига кўра, келишув доирасида Хитой катта миқдорда соя дуккаклари ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини харид қилишни дарҳол бошлайди. Бу Трамп учун муҳим сиёсий масала бўлиб, Хитой учун ҳам муҳим музокара воситаси бўлди.
Шунингдек, Трампнинг айтишича, томонлар Хитойнинг муҳим нодир металлари таъминоти бўйича бир йиллик, узайтирилиши мумкин бўлган келишувга эришган. Ушбу материаллар турли саноат тармоқларида мураккаб электрон компонентлар ишлаб чиқаришда зарур ҳисобланади.
Етакчилар учрашувдан сўнг дарҳол омма олдида изоҳ бермади — музокаралар тахминан бир соат қирқ дақиқа давом этди.
Трамп учрашув тугагач дарҳол Air Force One самолётига йўл олди, у самолётга чиқаётганда қўлини кўтариб, муштини силкитди. Самолёт бир неча дақиқа ўтиб учиб кетди. Си эса учрашувдан сўнг лимузинига миниб кетгани кузатилган.