platina.uz
Сиёсат

“Биз учун тинчлик – кундалик ҳаёт орзуси”

Грузия ташқи ишлар вазири Самарқанддаги нутқида инсоният учун буюк неъмат – тинчликни сақлашдаги фикрларини баён қилди.

“Биз учун тинчлик – кундалик ҳаёт орзуси”

ЮНЕСКОнинг 43-сессияси бу йил инсоният тамаддуни бешиги бўлган Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтмоқда. Дунё мамлакатларининг элчилари, маданият ва таълим соҳасидаги етук арбоблар бу сафар бир жойга тўпланиб, маърифат ва тинчлик ҳақида сўз юритдилар. Ана шундай нуфузли анжуманда Грузия вакили – ушбу мамлакат ташқи ишлар вазири Мака Бочоришвили ҳам сўзга чиқиб, маданият, мерос ва тинчлик борасидаги чуқур фикрлари билан иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.

Бочоришвили хоним ўз нутқини миннатдорлик билан бошлади:

“Мен Ўзбекистон Президентига ва ҳукуматига бу гўзал шаҳарда кўрсатилган меҳмондўстлиги учун ўз миннатдорлигимни билдирмоқчиман. Самарқанд – турли маданиятлар ва фикрлар учрашган тарихий маскан сифатида доимо ёдда қолади”, – деди грузин вакили.

Бу сўзлар бежиз эмас. Самарқанд асрлар давомида жаҳон цивилизацияси йўлидаги катта кўприк бўлиб келган. Бу ерда Шарқ ва Ғарб, Турон ва Кавказ, Европа ва Осиё ғоялари учрашиб, янги маънавий қийматлар яратган.

Грузия вакили нутқида ўз халқи тарихи ва маданияти ҳақида ҳам сўз юритди. Унинг таъкидлашича, Грузия Европа ва Осиё орасидаги географик жойлашуви билан нафақат иқтисодий алоқалар, балки ғоялар, анъаналар ва инсонлар ўртасидаги кўприк вазифасини бажариб келган.

“Бизнинг маданий меросимиз нафақат миллийликни, балки халқимиз қалбидаги хилма-хиллик ва ҳамжиҳатликни ифодалайди. Биз юзлаб йиллар давомида шаробчилик анъаналарини сақлаб келганмиз, шунингдек, кўп овозли қўшиқчилик (полифония) санъати билан фахрланамиз. Иккаласи ҳам ЮНЕСКОнинг номоддий маданий мероси рўйхатига киритилган”, – деди у.

Грузиянинг бу маданий мероси – халқ руҳининг жонли кўриниши. Мисол учун, Грузия полифониясида ҳар бир овоз мустақил, аммо барчаси уйғунликда. Бу – миллатнинг ягона, бир вақтда турли фикр ва ҳиссиётларни бирлаштира оладиган руҳини англатади.

Шу нуқтада, Грузия вакили маданият ва тинчлик ўртасидаги чуқур боғлиқлик ҳақида ҳам тўхталди:

“Биз учун тинчлик – мавҳум тушунча эмас, балки кундалик ҳаёт орзуси. Биз урушнинг нархини, инсон муносабатларининг синувчанлигини яхши биламиз. Ҳозир ҳам Грузиянинг айрим ҳудудлари Россия томонидан оккупация қилинган, у ердаги одамлар она тилида таълим олиш, эркин ҳаракатланиш ва ўз маданиятини асраб-авайлаш имконидан маҳрум”, – дея таъкидлади у.

Бу гаплар нафақат Грузиянинг, балки бутун дунёнинг оғриғини ифода этади. Маданиятни йўқотиш – миллатнинг хотирасини йўқотиш демакдир. Шунинг учун ҳам ЮНЕСКОнинг асосий миссияси – меросни асраш, маданиятни сиёсий қуролга айлантиришга йўл қўймаслик ва мулоқот орқали ярашувга эришишдир.

Грузия таълим соҳасидаги ислоҳотлари ҳақида ҳам маълум қилди. У 2025 йилдан бошлаб олий таълим тизимини модернизация қилиш, илмий тадқиқот билан ўқув жараёнини яқинлаштириш ва университетларни инновация ҳамда ижтимоий тараққиёт марказига айлантиришга киришганини таъкидлади. Бу ЮНЕСКОнинг “Таълим – 2030” дастури билан ҳамоҳанг мақсаддир.

Грузия вакили нутқини қуйидаги сўзлар билан якунлади:

“Биз ЮНЕСКОнинг тинчлик, ҳамжиҳатлик ва ҳамкорлик тамойилларига содиқмиз. Тинчлик – бу инсониятнинг энг олий қадрияти, унинг асоси эса таълим ва маданиятдир.”

Дарҳақиқат, ЮНЕСКОнинг Самарқандда ўтаётган 43-сессияси халқаро ҳамкорлик рамзи, балки инсоният маданиятининг ягона илдизларга эгалигини, ҳар қандай халқнинг тарих саҳнасида қолиши унинг маданияти ва тилини сақлаб қолиш билан чамбарчас боғлиқ эканини яна бир бора ёдга солади. Грузия вакилининг нутқи бизга шундан дарак берадики, маданият ва таълимни муҳофаза қилиш – бу айни бир миллатнинг эмас, балки бутун инсониятнинг муқаддас бурчидир.

Самарқанд кўп асрлар давомида илму маърифат маркази бўлиб келган. Энди бу боқий шаҳар бугун ҳам жаҳон халқларини тинчлик, ҳурмат ва ҳамжиҳатлик руҳида бирлаштиришда давом этмоқда.

Абулфайз Сайидасқаров
Самарқанддан махсус

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid