“Самарқанд руҳи”: қайта жонланаётган тамаддун бешиги
Самарқанддаги ЮНЕСКО Бош конференцияси очилиш маросимида Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади. Platina.uz воқеа жойидан туриб репортаж тайёрлади.

Бугун инсоният янги тарихий палла остонасида турибди. Технологик инқилоблар, геосиёсий беқарорлик, экологик таҳдидлар ва маданий ўзлик муаммолари ҳам янада ўткирлашган. Ана шундай мураккаб глобал вазиятда Самарқандда бўлиб ўтган ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси нафақат ташкилот, балки бутун инсониятнинг маънавий ва маданий мулоқоти тарихида янги саҳифа очди.
Самарқанд – шунчаки қадимий шаҳар эмас. У инсоният тамаддуни учун рамзий макон – Буюк ипак йўли чорраҳасида жойлашган, илм-фан, дин ва маданият уйғунлашган марказ. Президент Шавкат Мирзиёевнинг 43-сессия очилиши маросимидаги нутқи ана шу руҳий меросни жонлантирди, уни янги замон талаблари билан уйғун ҳолда талқин этди. Самарқанддаги форум – бу нафақат тарихий воқеа, балки Янги Ўзбекистоннинг глобал гуманитар сиёсатдаги янги сифат босқичига қадам қўйганидан далолат, десак муболаға бўлмайди.
ЮНЕСКО ва Янги Ўзбекистон: ҳамкорликнинг янги босқичи
Президент Мирзиёевнинг сўзларида алоҳида урғу берилганидек, ЮНЕСКО сингари нуфузли ташкилотнинг Бош конференцияси мажлиси сўнгги 40 йил ичида илк марта Париждан ташқарида ўтказилмоқда. Бу қарорнинг ўзиёқ халқаро ҳамжамиятнинг Ўзбекистондаги янгиланиш жараёнларига, давлатнинг очиқлик ва ислоҳотлар сиёсатига бўлган юксак ишончини намоён этади.
Сўнгги саккиз йил ичида Ўзбекистон ва ЮНЕСКО ўртасидаги муносабатлар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди. 2027 йилгача мўлжалланган беш йиллик ҳамкорлик дастури доирасида таълим, фан, маданият, гендер тенглиги ва ахборот соҳаларида йирик қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда. Бу жараёнлар Ўзбекистоннинг халқаро гуманитар ҳамкорликда фаол, ташаббускор давлат сифатидаги нуфузини мустаҳкамлади.
ЮНЕСКО Бош директори Одри Азуле ҳам ўз нутқида Ўзбекистоннинг фаол дипломатияси ва маданий меросни асраб-авайлашдаги ташаббусларини, айниқса мамлакат президентининг бу жараёнлардаги етакчи ролини юқори баҳолади. Бу янги Ўзбекистон ташқи сиёсатидаги “инсонпарварлик дипломатияси” концепциясининг амалий ифодаси бўлди.
Таълим ва инновациялар: сунъий интеллект даврида инклюзив ривожланиш
Президент Мирзиёевнинг нутқидаги муҳим тезислардан бири – таълим соҳасида инклюзивлик ва янги технологияларни жорий этиш масаласи бўлди. Бу мавзу жаҳонда долзарб муаммолардан бирига айланган. Сунъий интеллект технологиялари таълим тизимини тубдан ўзгартирмоқда, лекин айни пайтда билим ва имкониятлар тенгсизлигини ҳам чуқурлаштирмоқда.
Шу боис Ўзбекистон етакчисининг “Сунъий интеллект – мактаб” намунавий лойиҳасини амалга ошириш ташаббусини илгари сургани алоҳида аҳамиятга молик. Мазкур лойиҳа нафақат миллий таълим тизимини модернизация қилишга, балки ЮНЕСКО доирасида янги халқаро платформа – инклюзив таълимнинг интеллектуал моделини яратишга ҳам ҳисса қўшиши мумкин.
Президент томонидан илгари сурилган “Жаҳон профессионал таълим саммити” ғояси эса мамлакатни халқаро билимлар айирбошлаш марказига айлантириш йўлидаги стратегик қадам сифатида кўрилмоқда. Бу ташаббуслар Янги Ўзбекистонни илғор таълим ва инновациялар глобал тармоғининг фаол иштирокчисига айлантириши шубҳасиз.
Маданий мерос ва цивилизациялараро мулоқот: “Самарқанд руҳи” концепцияси
Президент нутқининг марказий ғояларидан бири – маданий меросни муҳофаза қилиш ва уни инсоният умумий мулки сифатида қайта кашф этиш заруриятидир. Бу жиҳатдан Ўзбекистоннинг сўнгги йиллардаги ютуқлари жуда муҳим: Хива, Бухоро, Шаҳрисабз ва Самарқанд шаҳарларининг Бутунжаҳон мероси рўйхатидаги мавқеи мустаҳкамланди; Зарафшон-Қорақум йўлаги бўйлаб жойлашган янги обидалар ҳам ушбу рўйхатга киритилди.
Бу жараён фақат архитектура ёдгорликларини сақлаш эмас, балки “маданий дипломатия”нинг янги босқичидир. Самарқанд, бу маънода, “тамаддунлараро мулоқот лабораторияси” сифатида намоён бўлмоқда. ЮНЕСКОнинг номоддий мерос дастурлари доирасида “Шошмақом”, “Лазги”, “Наврўз”, кулолчилик ва наққошлик каби анъаналарнинг халқаро эътирофи маданий хилма-хилликни сақлашдаги муваффақиятли моделдир.
Президент Мирзиёев таклиф этган “Ҳужжатли мерос халқаро куни”ни таъсис этиш ва “Рақамли мерос институти”ни ташкил этиш ғоялари эса жаҳон маданий хотирасини рақамлаштиришнинг стратегик йўналиши сифатида глобал аҳамият касб этади.
Гендер тенглик, ахборот хавфсизлиги ва экология: XXI асрнинг глобал чақириқлари
Нутқдаги яна бир муҳим қирра – гендер сиёсатининг гуманитар дипломатия билан боғлиқ. Президент мамлакат хотин-қизларининг таълим, фан ва санъат соҳасида етакчилик салоҳиятини ривожлантириш учун “ЮНЕСКО Хотин-қизлар академияси”ни ташкил этишни таклиф қилди. Таъкидлаш керак, бу ташаббус фақат Ўзбекистон учун эмас, балки жаҳон ҳамжамияти учун ҳам долзарбдир, чунки гендер тенглиги муаммоси ҳали тўлиқ ҳал этилмаган глобал масаладир.
Зеро, ЮНЕСКО статистика институти маълумотларига кўра, жаҳонда илмий ва маданий муассасалар раҳбарларининг 25 фоизи, таълим соҳаси бошқарувчиларининг 30 фоизи, тадқиқотчиларнинг 33 фоизи хотин-қизлардир. Бу эса аёллар ҳуқуқларини таъминлашда, афсуски, тенгсизлик ҳамон сақланиб қолаётганини тасдиқлайди.
Ваҳоланки, гендер тенглиги ЮНЕСКОнинг фундаментал, устувор вазифаларидан бири бўлиб, Ташкилотнинг барча ташаббуслари унга интеграция қилиниши зарурлиги белгилаб қўйилган.
Президент нутқидаги яна бир дақиқ жиҳат – ахборот маконидаги хатарлар ва манипуляциялар ҳақидаги огоҳлантиришлардан иборат. ЮНЕСКО доирасида “Медиа саводхонлик стратегияси”ни ишлаб чиқиш таклифи – рақамли дунёда фикр мустақиллигини муҳофаза қилиш сари ташланган муҳим қадамдир.
Шу билан бирга, президент иқлим ўзгариши ва маданий меросни асраш ўртасидаги боғлиқликка алоҳида эътибор қаратди. “ЮНЕСКОнинг Экологик пойтахти” ташаббуси ва Хивада халқаро симпозиум ўтказиш таклифи глобал экологик дипломатияда янги парадигма сифатида баҳоланиши шубҳасиз.
Ўзбекистон ташаббуслари: минтақавий барқарорлик ва жаҳон ҳамжиҳатлиги сари
Ўзбекистоннинг сўнгги йилларда илгари сурган ташаббуслари – “Хива жараёни”, “Тошкент декларацияси”, мактабгача таълим бўйича минтақавий марказ, ЮНЕСКО мукофоти – буларнинг барчаси мамлакатнинг халқаро нуфузини мустаҳкамлаб, Марказий Осиёнинг инсонпарвар интеграция марказига айланишига хизмат қилмоқда.
Бу жараёнда “Самарқанд руҳи” атамаси рамзий шиорга айланди. У нафақат илмий ва маданий мулоқотни, балки ишонч, ҳамжиҳатлик ва тинчлик маданиятини англатмоқда. Бу руҳ – ЮНЕСКО миссиясига уйғун, чунки у инсонни диққат марказига қўяди, илм, маданият ва таълимни барқарор ривожланишнинг асосий устуни сифатида кўради.
“Самарқанд руҳи” – инсоният тараққиётининг янги мезони
Самарқандда ўтказилаётган ЮНЕСКО анжумани нафақат Ўзбекистон дипломатияси ва сиёсий-маданий ҳаёти, балки жаҳон маданий дипломатияси тарихидан ҳам муносиб ибрат олишга арзийдиган ҳодиса. У нафақат Ўзбекистоннинг халқаро имижини юксалтиради, балки жаҳон гуманитар сиёсатини янги мазмун билан бойитади.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг нутқи ўз мазмун-моҳиятига кўра манифест характерига эга: у XXI аср учун янги гуманистик йўл харитасини таклиф этди. Бу харита уч тамойилга асосланади: инсонпарварлик, билим ва ҳамжиҳатлик.
“Самарқанд руҳи” деган тушунча энди фақат жўғрофий эмас, балки маънавий таснифга айланди. У инсонни илм, маданият ва ахлоқнинг марказига қўядиган тамаддун тамойилининг янги шакли сифатида муомалага кирмоқда.
Шу маънода, ЮНЕСКОнинг Самарқанддаги 43-сессияси инсониятни янги босқичга – маърифат ва ҳамжиҳатлик даврига чорламоқда. Президент ўз нутқида таъкидлаганидек, ЮНЕСКОнинг боқий анъана ва қадриятларидан куч олаётган “Самарқанд руҳи” бизни умумий тараққиёт сари бирлашишга ундамоқда
Абулфайз Сайидасқаров
Самарқанддан махсус