platina.uz
Сиёсат

Шавкат Мирзиёев UNESCO бош директорини “Дўстлик” ордени билан мукофотлади

Ўзбекистон билан БМТнинг ушбу нуфузли институти ўртасидаги кўп қиррали шерикликни янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди. 

Шавкат Мирзиёев UNESCO бош директорини “Дўстлик” ордени билан мукофотлади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Самарқанд шаҳрида БМТнинг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти (UNESCO) Бош директори Одри Азулени қабул қилди.

Ўзбекистон билан БМТнинг ушбу нуфузли институти ўртасидаги кўп қиррали шерикликни янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.

Суҳбат аввалида Одри Азуле давлатимиз раҳбарини тарихий воқеа – ташкилот Бош конференциясининг 43-сессияси сўнгги 40 йилда илк бор UNESCO`нинг Париж шаҳридаги бош қароргоҳи ташқарисида ўтказилаётгани билан самимий табриклади.

Ўзбекистоннинг конференцияни юксак савияда ташкил этиш, шунингдек, уни амалий аҳамиятга эга тадбирлар билан бойитиш борасидаги кенг кўламли ишларига ижобий баҳо берилди.

Хусусан, UNESCO`нинг Мактабгача таълим бўйича минтақавий маркази ишга туширилади, Беруний мукофоти ғолибларини тақдирлаш маросими, Самарқанд шаҳрининг 3000 йиллиги муносабати билан махсус тадбир, шунингдек, музейлар, сунъий интеллект, гендер мавзулари бўйича форумлар ва бошқа кўплаб тадбирлар ўтказилади.

Кейинги йилларда Ўзбекистон ва UNESCO ўртасидаги ҳамкорликда юксак даражага эришилгани мамнуният билан қайд этилди. Биргаликда болалар таълими бўйича бутунжаҳон конференцияси ўтказилди, Парижда Берунийнинг 1050 йиллиги нишонланди, буюк аллома шарафига халқаро мукофот таъсис этилди.

Ўзбекистоннинг ташаббуси билан UNESCOнинг учта муҳим резолюцияси қабул қилинди. Ташкилотнинг махсус рўйхатларига Ўзбекистоннинг бир қатор янги объектлари ва маданий қадриятлари киритилди.

UNESCO билан шерикликни янада кенгайтириш ва чуқурлаштириш, устувор йўналишларда янги қўшма лойиҳаларни амалга оширишга тайёрлик билдирилди.

Учрашув якунида Ўзбекистон Президенти фан, таълим ва маданият соҳаларидаги алоқаларни ривожлантиришдаги катта хизматлари ҳамда халқимизнинг бой маданий меросини кенг оммалаштиришга қўшган шахсий ҳиссаси учун Одри Азуле хонимга давлатимизнинг юксак мукофоти – “Дўстлик” орденини топширди.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid