Нурафшонда нуронийлар ва маърифат биноларини қуришга 4,6 млрд ажратилади
Тошкент вилоятида яна бошқа харажатлар билан бирга жами 18 млрд сўмга яқин маблағ сарфланади.

Нурафшон шаҳридаги Наврўз маҳалласи ҳудудида “Нуронийлар маскани” ҳамда “Маънавият ва маърифат маркази” биноларини қуриш учун 4,6 млрд сўм ажратилади.
Шунингдек, Хадича Сулаймонова номидаги Республика суд экспертиза марказининг Тошкент вилояти бўлимининг маъмурий биносини қуриш-таъмирлаш ишларини белгиланган муддатларда якунлаб, объектни фойдаланишга топшириш учун 5,1 млрд сўм сарфланади.
Вилоят ҳокимлиги ходимларининг иш фаолиятига қулай шарт-шароит яратиш, интернет хизматлари, техник хизмат кўрсатиш, серверларда хостинг, ички ахборот ресурсларини ишлатиш ва бошқариш, ташқи ахборот ресурсларини техник қўллаб-қувватлаш, жойлаштириш ҳамда эксплуатация қилиш хизматларидан фойдаланиш харажатлари учун 385,1 млн сўм ажратилади.
Бундан ташқари:
- “Олмалиқ шаҳрида барпо этилаётган “Янги Ўзбекистон” массивида олиб борилаётган қурилиш-таъмирлаш ишларини амалга ошириш учун 6,2 млрд сўм;
- Ўрта Чирчиқ тумани Қорасув МФЙда жойлашган маҳалла ҳуқуқ-тартибот биносини таъмирлаш учун 3,2 млрд сўм;
- Ангрен шаҳар Озодлик маҳалласига иссиқлик қувури тармоғини тортиш, ички йўлларни таъмирлаш ва техникалар харид қилиш учун 8,2 млрд сўм.
Барча пуллар давлат бюджетидан ажратилиши кўзда тутилган.