platina.uz
Жамият

Самарқандда ЮНЕСКО Миллий комиссияларининг 12-йиғилиши бошланди

Унда Фаластин вакили 3 йилдан бери Исроилнинг Ғазо секторига авиазарбалар бериши оқибатида кўплаб тарихий-маданий объектларга тузатиб бўлмас зарар етказилганини таъкидлади.

Самарқандда ЮНЕСКО Миллий комиссияларининг 12-йиғилиши бошланди

Самарқанд шаҳридаги Халқаро туризм марказида ЮНЕСКО ишлари бўйича Миллий комиссияларнинг 12-йиғилиши ўз ишини бошлади. ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси арафасида ташкил этилган мазкур тадбирни ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Миллий комиссияси раиси Гаяне Умерова очиб берди ва йиғилиш раиси этиб сайланди.

Умерова ўз нутқида кун тартиби мазмунан жуда бой эканини, унда ЮНЕСКО фаолиятининг устувор йўналишлари – ёшлар сиёсати, барқарор ривожланиш, инклюзивлик, маданиятлараро мулоқот ва давлатлар ҳамкорлиги каби муҳим масалалар қамраб олинганини таъкидлади.

Гаяне Умерова таъкидлаганидек, рақамли даврда Ипак йўлининг маданий меросини асраб-авайлаш ва ундан самарали фойдаланиш, барқарор туризмни ривожлантириш ҳамда маҳаллий ҳамжамиятлар билан ҳамкорликни кучайтириш тобора долзарб аҳамият касб этмоқда.

“Ипак йўли цивилизациялар ўртасидаги мулоқотнинг ёрқин намунаси бўлиб, тез суръатларда рақамлашаётган дунёда маданий алмашинув тинчлик, ўзаро англашув ва умумий фаровонликни таъминлашда муҳим ўрин тутади”, – деди йиғилиш раиси.

Унинг сўзларига кўра, миллий комиссиялар учун бу жараён – маданий меросни таълим, илмий инновациялар, ижод ва замонавий технологиялар билан уйғунлаштирувчи янги ёндашувларни илгари суриш имконини яратади. Бу орқали жамоалар, айниқса ёшлар ва маҳаллий фаоллар ўз маданий ресурсларининг ҳам сақловчиси, ҳам фойдаланувчиси сифатида фаол иштирок эта олади.

Йиғилишда ЮНЕСКО аъзо-давлатларининг вакиллари сўзга чиқиб, мавжуд муаммолар, жумладан, маданий объектларга етказилаётган зарар ва уни бартараф этиш борасида ўз таклиф-мулоҳазаларини ўртага ташлади. Масалан, Фаластин вакили 3 йилдан бери Исроилнинг Ғазо секторига авиазарбалар бериши оқибатида кўплаб тарихий-маданий объектларга тузатиб бўлмас зарар етказилганини таъкидлади. Бу борада ЮНЕСКОдан тегишли муносабат ва амалий қадамлар кутишини билдирди.

Йиғилиш қатнашчилари, шунингдек, давлатлар, фуқаролик жамияти ва хусусий сектор ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш, ёшлар сиёсати ва барқарор ривожланиш соҳаларида янги стратегияларни ишлаб чиқиш, шунингдек, маданиятлараро мулоқотни чуқурлаштиришга оид таклифларни муҳокама қилмоқда.

Қолаверса, ёшларнинг инновацион салоҳиятини ошириш, маданий меросни рақамлаштириш ва таълим соҳасида илғор тажрибаларни жорий этиш масалалари ҳам йиғилиш кун тартибидан ўрин олган.

Самарқанддаги мазкур тадбир ЮНЕСКО Бош конференцияси олдидан муҳим тайёргарлик босқичи бўлиб, унинг якуний ҳужжатлари ва тавсиялари кейинги кунларда бош сессия муҳокамаларида асосий йўналишлардан бирига айланиши кутилмоқда.

Абулфайз Сайидасқаров
Самарқанддан махсус

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid