Тошкентда бюджетдан 87 млрд сўм маблағ ажратилади
Пулларнинг 65 млрд сўм қисми оширилган ойликлар ва электр энергияси учун сарфланади.

Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши давлат бюджетидан жами 87 млрд сўм ажратиш ҳақидаги қарорни имзолади.
Пулларнинг 65 млрд сўмдан кўпроғи оширилган ойликлар ва электр энергияси учун ҳокимият тасарруфидаги ва қошидаги ташкилотларга сарфланади.
22 млрд сўм қуйидаги йўналишларга ажратилади:
- “Кўча санъати ва мусиқаси” streat.uz платформаси лойиҳасида фаол иштирокчи сифатида баҳоланган фаол ижодкорларни моддий рағабтлантириш учун 24,7 млн сўм;
- 2025-2026 ўқув йили учун ижтимоий эҳтиёжманд оила вакиллари, етим ёки ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган талаба хотин-қизларнинг олий таълим олишини моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида 150 нафар талаба хотин-қизларга базавий тўлов контракти учун 1,4 млрд сўм;
- Тошкент шаҳар камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси биносининг йил якунига қадар электроэнергия сарфи учун 130 млн сўм;
- Шахмат федерацияси шаҳар бўлимига мебел техника ва инвентарлар сотиб олиш учун 400 млн сўм;
- Велоспорт федерацияси шаҳар бўлимига “Дамас” харид қилиш учун 100 млн сўм;
- Қон орқали юқадиган касалликларнинг олдини олиш мақсадида бемор ва туғувчи аёлларда фавқулодда қон кетганда қоннинг реинфузия қилишда фойдаланиладиган Cell Saver Elit “+” қон автотрансфузияси ускунасини харид қилиш учун 750 млн сўм;
- Шайхонтоҳур туманидаги 169-мактабга “Исузу” русумли автобус харид қилиш учун 770 млн сўм;
- шаҳарда мактабгача ёшдаги болаларни қамраб олиш, туманлардаги мактабгача таълим ташкилотларида фаолияти вақтинча тўхтатилган гуруҳлар фаолиятини қайта тиклаш ҳамда Тошкент шаҳридаги давлат мактабгача таълим ташкилотлари гуруҳларини таъмирлаш ҳамда жиҳозлаш учун 10,5 млрд сўм;
- “Тошкент тажрибаси” лойиҳаси асосида мактабларнинг қўшимча ўқитиладиган фанларга мослаб синфларини таъмирлаш ва дарсларга жалб қилинадиган ўқитувчиларга устама ҳақи тўлаш учун 4 млрд сўм;
- болалар учун мўлжалланган контентлар яратишни қўллаб-қувватлаш учун 1 млрд сўм;
- педагогик кадрларни мақомини ошириш, математика ва тиббий фанларни ўқитиш бўйича ҳар бир тумандан 5 нафардан жами 60 нафар мактаб ўқитувчисини ҳамда Мактбагача ва мактаб таълими бошқармаси 3 нафар ходимини хорижда малака оширишларига сарф-харажатлар учун 1,7 млрд сўм;
- Тошкент шаҳар ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармасига 4-гуруҳ харажатлари, яъни коммунал тўловлар учун 373 млн сўм;
- Тошкент шаҳар ободонлаштириш бош бошқармаси тизимадаги шаҳар марказий кўчаларидан фойдаланиш, уларни сақлаш ва таъмирлаш ихтисослаштирилган бошқармаси томонидан Олмазор тумани Форобий кўчасидаги 7 650,0 кв м йўлларни асфалт билан таъмирлаш учун 876 млн сўм.