Самарқандда глобал тадбир бошланди
Мазкур конференция 40 йил ичида илк марта Париждан ташқарида ўтказилмоқда. Унда 6000дан зиёд делегат меҳмонлар иштирок этади.

Самарқандда ЮНЕСКОнинг XIV ёшлар форуми ўз ишини бошлади. Мазкур тадбир ЮНЕСКОнинг 30 октябрдан 13 ноябргача бўлиб ўтадиган 43-сессияси олдидан ўтказиляпти.
Кеча очилган форум ЮНЕСКО ҳамда Ўзбекистон ҳукумати ҳамкорлигида ташкил этилган бўлиб, “Иқлим ҳаракати ва унинг ижтимоий таъсири, айниқса, ёшлар учун” мавзусига бағишланган. Форумнинг асосий мақсади – ёшларнинг иқлим ўзгаришига қарши курашишдаги фаоллигини қўллаб-қувватлаш, уларнинг ташаббусларини глобал даражада илгари суриш ва биргаликда барқарор келажакни шакллантиришдан иборат.
Тадбирнинг очилиш маросими “Ҳаракат авлоди” (Generation of Action) шиори остида ўтказилди. Форум иштирокчилари – 140 дан ортиқ давлатлардан келган ёш раҳбарлар иқлим ўзгаришларига қарши курашишга қаратилган ташаббуслар ва инновацион ечимлар, шунингдек, ёшлар ролини халқаро иқлим сиёсати шакллантиришдаги аҳамиятини муҳокама қилишмоқда.
Тадбирда ЮНЕСКО бош директори ўринбосари, Ўзбекистон ҳукумати вакиллари ва Нигерия, Миср, Испания, Боливия, Бразилия ва бошқа давлатлардан ёш раҳбарлар иштирок этишяпти. Форум доирасида иштирокчилар учун Icebreaker интерактив танлови, “Бағрикенглик кемаси” халқаро санъат лойиҳаси, шунингдек, Самарқандга экскурсиялар ташкил этилган, у ерда меҳмонлар шаҳарнинг бой тарихи ва маданий мероси билан танишадилар.
Эслатиб ўтамиз, ЮНЕСКОнинг Ёшлар форуми 1999 йили БМТнинг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти (ЮНЕСКО) ташаббуси билан ташкил этилган халқаро платформа ҳисобланади. Унинг мақсади – ёшларнинг ЮНЕСКО Бош конференциясида муҳокама қилинадиган глобал аҳамиятга молик масалаларга ечимлар ишлаб чиқишда иштирок этишини таъминлашдан иборат. Форум ҳар икки йилда бир марта, Бош конференция сессияси олдидан ўтказилади ва дунёнинг турли мамлакатларидан фаол ёш раҳбарларни бир жойга жамлайди. Форум давомида иштирокчилар тажриба алмашади, долзарб вазифалар, ҳамкорлик таклифлари ва тавсияларни муҳокама қилишиб, ЮНЕСКОга аъзо давлатларга тақдим этишади.
Маълумки, ЮНЕСКОнинг 2023 йил ноябр ойида Парижда ўтказилган Бош конференцияси 42-сессияси натижаларига кўра, 43-сессияни 2025 йилда Самарқандда ўтказиш ҳақида тарихий қарор қабул қилинган эди. Бу қарор ташкилотга аъзо бўлган 194 та давлат томонидан қўллаб-қувватланган.
Таъкидлаш керак, мазкур конференция 40 йил ичида илк марта Париждан ташқарида ўтказилмоқда. Унда 6000дан зиёд делегат меҳмонлар иштирок этади, жаҳоннинг етакчи ОАВларини тамсил этувчи 500 дан зиёд журналистлар томонидан ёритиб борилади.
ЮНЕСКО Бош конференциясини Самарқандда ўтказиш, Ўзбекистоннинг жаҳон маданияти ва таълимига қўшган ҳиссасини эътироф этишдан ташқари, тарихий ва маданий меросни сақлашнинг аҳамиятига эътибор қаратади. Ушбу конференция халқаро даражада маданий алмашинув ва барқарор ривожланиш масалаларини муҳокама қилиш имкониятини яратади. Шунингдек, Ўзбекистон жаҳон маданияти ва илм-фани марказига айланаётганини яна бир бор тасдиқлайди. Юртимиз аввал “Буюк ипак йўли” доирасида Ғарб ва Шарқни боғлаган бўлса, бугунги кунга келиб халқаро маданий ва илмий муносабатларда ҳам етакчи ўринга чиқаётганининг ифодаси бўлади.
Абулфайз Сайидасқаров
Самарқанддан махсус