platina.uz
Жамият

ДХХ 1,5 млрд сўмга ер сотмоқчи бўлган шахсни қўлга олди

У сўралган пулдан 110 минг АҚШ доллари ва 100 млн сўм олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди. 

ДХХ 1,5 млрд сўмга ер сотмоқчи бўлган шахсни қўлга олди

Бандихон ва Тахиатош туманларида ер майдонларини ноқонуний сотиш ҳолатларига чек қўйилди.

Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш йўналишида олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида жойларда қонунбузилиши ҳолатлари аниқланди.

Хусусан, Сурхондарё вилоятининг Бандихон туманида яшовчи, 1987 й.т. шахс чорвачилик билан шуғулланмоқчи бўлган фуқаронинг ишончига кириб, туман ҳокимлиги захирасида бўлган 3,5 гектар ер майдонини юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали унинг номига расмийлаштириб бериш эвазига 1 млрд 500 млн сўм талаб қилади.

Давлат хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда, у сўралган пул маблағидан 110 минг АҚШ доллари ва 100 млн сўм олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Қорақалпоғистон Республикасида кузатилган ҳолатда эса, Қўнғирот туманида қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият юритувчи тадбиркор Амударё туманида яшовчи, 1983 й.т. шахснинг ишончига кириб, аслида бошқа бир фуқарога қуёнчиликни ривожлантириш учун Тахиатош тумани ҳудудидан ажратиб берилган 169 гектар ер майдонини гўёки ўзига тегишли эканлигини айтади ва унинг 50 гектар қисмини ҳар гектарини 1 минг АҚШ долларидан жами 50 минг АҚШ долларига сотишини маълум қилади.

Аммо, тадбикор сўралган пул маблағини олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланди.

Ҳозирда ҳар икки ҳолат юзасидан ушбу шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid