platina.uz
Жамият

Ўзбекистонда муносиб меҳнат бўйича 2030 йилгача мўлжалланган дастур ишлаб чиқилади

Бахтсиз ҳодиса ва касбга оид касалликларга чалиниш ҳақидаги маълумотларни олишнинг ягона тизими ҳам ишга туширилади. 

Ўзбекистонда муносиб меҳнат бўйича 2030 йилгача мўлжалланган дастур ишлаб чиқилади

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон касаба уюшмалари фаоллари ва фахрийлари билан учрашди.

Касаба уюшмалари ўтган даврда хотин-қизлар меҳнатини муҳофаза қилиш бўйича катта тажриба тўплади. Хусусан, улар “Аёллар дафтари” орқали 4,5 миллион эҳтиёжманд, кам таъминланган хотин-қизларга ёрдам кўрсатишда бош-қош бўлди.

Хотин-қизларнинг фаол ижтимоий қатлам бўлиб шаклланишида касаба уюшмаларини етакчи кучга айлантириш учун бугун барча имкониятлар мавжудлиги кўрсатиб ўтилди. Бу борада “Касаба уюшмалари – аёллар манфаати йўлида” деган шиор асосида янги тизимни йўлга қўйиш таклиф этилди.

Президентимиз ушбу тизим доирасида Хотин-қизларни ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш бўйича комиссия ва Федерацияни меҳнат бозорида хотин-қизлар учун тенг имкониятлар яратиш, уларнинг ҳаётда ўз ўрнини топишига ва ижтимоий фаоллигини оширишга кўмаклашиш бўйича янги ёндашувларни жорий этишга чақирди.

Уй-жой ва яшаш шароитини яхшилашга, тиббий, психологик, ҳуқуқий ёрдамга муҳтож, тазйиқ ва зўравонликка учраган аёлларни ҳам “Аёллар дафтари” орқали қўллаб-қувватлаш, қишлоқ жойларида аёллар бандлиги ва тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш дастурларини янада кенгайтириш таклиф қилинди.

Ҳар йили меҳнат жамоаларидаги гендер аудит натижаларини муҳокама қилиб, иш берувчилар билан биргаликда хотин-қизларга янада қулай меҳнат шароитларини яратиш, 14 та тармоқ касаба уюшмалари бўйича гендер тенгликни таъминлаш учун манзилли стратегиялар ишлаб чиқиш муҳимлиги таъкидланди.

Касаба уюшмалари – меҳнат муҳофазаси бўйича жамоатчилик назоратини олиб борадиган энг катта ташкилот.

Сўнгги беш йилда улар томонидан корхона ва ташкилотларда 152 мингта қонун бузилиши аниқланган. Аслида, бундай ҳолатлар анча кўплиги, судлар томонидан уч йилда 48 мингдан зиёд меҳнат низолари кўриб чиқилгани қайд этилди.

Касаба уюшмалари яраштирувчи, муросага келтирувчи бўғин сифатида иш берувчи ва ходим ўртасидаги низоларни судгача ҳал қилишда фаоллик кўрсатиши мақсадга мувофиқ экани таъкидланди.

Шу билан бирга, иш билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар ва касбга оид касалликлар ҳақидаги маълумотларнинг яхлит тизими йўқлиги кўрсатиб ўтилди.

Масалан, бахтсиз ҳодисалар ҳисоби ва уларнинг сабабини ўрганиш ўттиз йил олдин қабул қилинган ҳукумат қароридаги эскирган нормалар асосида қоғозда юритилмоқда.

Масъул вазирларга касаба уюшмалари билан бирга бахтсиз ҳодиса ва касбга оид касалликларга чалиниш ҳолатлари ҳақидаги маълумотларни олишнинг ягона тизимини ишга тушириш ҳамда бундай ҳодисалар ҳисоботини юритиш, сабабларини таҳлил қилиш ва унга ечим топиш бўйича қарор лойиҳасини киритиш топширилди.

Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорликда Ўзбекистонда муносиб меҳнат бўйича 2030 йилгача мўлжалланган дастур ишлаб чиқилмоқда.

Бундан кўзланган асосий мақсад — меҳнат соҳасида инсон қадрини ошириш, барча фуқаролар учун адолатли ва хавфсиз меҳнат шароитларини яратишдан иборат.

Шу боис, Касаба уюшмалари, Бандлик вазирлиги, Иш берувчилар конфедерацияси дастурда муносиб бандлик, меҳнат муҳофазаси, ижтимоий суғурта, гендер тенглик, ёшлар ва инклюзивлик масалаларига алоҳида эътибор қаратиши зарурлиги таъкидланди.

Бундан ташқари, рақамлаштириш, сунъий интеллект ва “яшил” иқтисодиёт жадал ривожланаётган шароитда меҳнат муносабатлари ҳам шунга мос равишда йўлга қўйилиши керак.

Ишлаб чиқилаётган “Муносиб меҳнат” дастури жадал ўсиб бораётган иқтисодиётимизни ижтимоий адолат билан уйғунлаштирадиган стратегик “йўл харитаси” бўлиши айтилди.

Турли сабаблар билан ишсиз қолган, меҳнат жараёнида касаллик ёки ногиронликка чалинган одамларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш кафолатларини кучайтириш ҳам долзарб вазифадир.

Шу боис, тўғридан тўғри амал қилувчи “Давлат ижтимоий суғуртаси тўғрисида”ги Қонун қабул қилинишини тезлаштириб, унда ижтимоий суғурта жамғармасини шакллантиришда иш берувчи ва ходимлар иштироки аниқ белгилаб берилса, адолатдан бўлиши таъкидланди.

Яна бир масала – ахборот коммуникациялари шиддат билан ривожланиб бораётган ҳозирги даврда одамларга ишончли маълумотларни ўз вақтида, тўғри етказиш жуда муҳим.

Касаба уюшмаларида бунинг учун имконият ҳам, шароит ҳам, салоҳият ҳам етарли экани таъкидланди.

Энг катта аудиторияга эга бўлган касаба уюшмалари ҳалол ва фидойи меҳнатни тарғиб қилиш ҳамда меҳнат муносабатларида қонунийликни таъминлашга оид ахборотларни жамоатчиликка биринчилардан бўлиб етказиб бориши кераклиги қайд этилди.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 70 119 55 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid