Саудиялик йирик тадбиркор президент Шавкат Мирзиёевнинг бошқарувига баҳо берди
"Мен ҳафтасига етти кун, кунига 18-20 соат ишлайдиган ҳукуматни фақат Ўзбекистонда ва Саудияда кўрдим. Қаерга борсам ҳам, “Янги Ўзбекистон” ҳақида эшитаман", дейди Муҳаммад Абунайян.

Саудиялик йирик тадбиркор президент Шавкат Мирзиёевнинг бошқарувига баҳо берди.
ACWA Power бошқаруви раиси Муҳаммад Абунайян Президент Шавкат Мирзиёевнинг фаолиятини юқори баҳолади.
“Президент жаноби олийлари, мен аввал ҳам таъкидлаб айтганман: бу даражада катта ўзгаришларни амалга оширган етакчиларнинг икки нафарини биламан. Биринчиси – сиз, жаноби олийлари, иккинчиси эса – Саудия валиаҳди, Бош вазир Муҳаммад бин Салмон ҳазрати олийларидир.
Ўзбекистонда биз кўрган ва гувоҳи бўлган барча ютуқлар сизнинг ўз ишингизга бўлган буюк ишонч-эътиқодингиз ва фидокорона меҳнатингиз самарасидир. Сиз бу ишларни халқингиз ва ватанингизга бўлган чексиз меҳр-муҳаббатингиз туфайли амалга оширмоқдасиз.
Мен дунёнинг 24 та давлати раҳбарлари билан мулоқотда бўлдим. Лекин ўз халқини сиз каби чин дилдан севадиган давлат раҳбарини учратмадим. Шунинг учун ҳам элингиз сизни яхши кўриб, бошига кўтармоқда.
Мен сиз билан йигирма марта учрашиш бахтига муяссар бўлганман. Ҳар бир учрашувдан олдин нутқ тайёрлаб, нималарни айтиш кераклигини обдан ўйлаб оламан. Аммо ҳар гал сизнинг фикрингиз, азм-у шижоатингиз ва амалий ишларингиз бизникидан устун келади. Сиз доимо жадал ҳаракат қиласиз, сидқидилдан ишлайсиз ва албатта, натижага эришасиз.
Сиз бошқарув ва шаффофлик асосида ўтмишдан қолган оғир меросни ортда қолдирдингиз ва янги тарих яратдингиз.
Мен 15 та мамлакатда инвестиция лойиҳасини амалга оширганман ва 30 дан зиёд давлатда бўлганман. Қаерга борсам ҳам, “Янги Ўзбекистон” ҳақида эшитаман. Бу Янги Ўзбекистон – сизнинг эл-юртингизга садоқатингиз ва тинимсиз меҳнатингиз маҳсули.
Бутун дунё бугун сизни кузатмоқда, сиздан ўрганмоқда. Сизнинг раҳнамолигингизда ишончли ҳукумат ва фидоий жамоа кеча-ю кундуз меҳнат қилмоқда. Мен ҳафтасига етти кун, кунига 18-20 соат ишлайдиган ҳукуматни фақат Ўзбекистонда ва Саудияда кўрдим. Шунинг учун ҳам халқингиз сизни севмоқда, инвесторларингиз ва кўплаб давлатлар сизни ҳурмат қилмоқда”, — деди Муҳаммад Абунайян.
Эслатиб ўтамиз, кеча 15 октябр кунп Президент Саудия Арабистонининг етакчи компаниялари раҳбарлари билан учрашганди.
Қўшма лойиҳалар умумий портфели 27 миллиард доллардан ошган. Йил бошидан буён Ўзбекистонда Саудиянинг 2 млрд долларлик инвестициялари ўзлаштирилди.