Тошкент вилоятида ҳокимлик бош юрисконсулти қўлга олинди
У ҳокимлик балансида бўлган хонадонни юқори лавозимдаги танишлари орқали фуқаро номига расмийлаштириб бериш эвазига пора сўраган.

Тошкент вилоятида ҳокимлик ходимининг ноқонуний ҳаракатига чек қўйилди.
ДХХнинг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилди.
Унда Оҳангарон туман ҳокимлиги бош юрисконсулти “Эйвалек” МФЙда жойлашган ва ҳокимлик балансида бўлган хонадонни юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали фуқаро номига расмийлаштириб бериш эвазига 1500 АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Таъкидлаш лозимки, бош юрисконсульт муқаддам бир неча маротаба судланган бўлишига қарамасдан, ўзига тегишли хулоса чиқармаган.
Ҳозирда унга нисбатан Жиноят Кодексининг 168-моддаси 3-қисми “в” банди ва 28,211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Тошкент шаҳри ва Сурхондарёда адвокатлар қўлга тушганди.
Пойтахтда адвокат фуқаронинг ишини суд органларида ишловчи танишлари орқали ижобий ҳал этиб, енгиллик қилиб бериш эвазига 3700 АҚШ доллари олган.