Оҳангарон шаҳар ҳокимлигининг мансабдори қўлга олинди
У ҳокимият балансига ўтказилиши режалаштирилаётган хонадонни фуқарога беришини айтиб, ундан пул талаб қилган.

Оҳангарон шаҳар ҳокимлигининг мансабдор ходими қўлга олинди.
Тошкент вилоятининг Оҳангарон шаҳар ҳокимлигида бўлим бошлиғи лавозимида фаолият юритувчи мансабдор шахс хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда, 1958 й.т. маҳаллий фуқаронинг ишончига кирган.
У ҳозирда ҳокимият балансига ўтказилиши режалаштирилаётган 3 хонали хонадонни суд тизимидаги танишлари орқали унинг номига расмийлаштириб беришни маълум қилади.
Қўштирноқ ичида холис ёрдам бермоқчи бўлган мазкур мансабдор шахс уйнинг нархини 15000 АҚШ долларига келишиб ҳамда суд органларидаги танишлари учун 3500 АҚШ доллари беришини айтиб, жами 18500 АҚШ доллари талаб қилади.
Аммо, у олдиндан 9500 АҚШ доллари олган вақтида Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ва ИЖҚКД ҳудудий бошқармаси ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланди.
Ҳозирда ҳокимият вакилига нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди.
Аввалроқ Хоразмда қўлга олинган судя иши тафсилотлари эълон қилинганди.