"Нега Улуғбек ва Кўкалдош университетларини очиб, ғурурланмаймиз?!"
Баҳодир Ғаниев Миллий университетни энг “тарихий” деб алқаётганларни кўриб, бир кулиб, бир хўрсинганини билдирди.

Осиё тараққиёт банки лойиҳа раҳбари, Европа тикланиш ва тараққиёт банки лойиҳа консултанти, Algoritm School таъсисчиси ва директори Баҳодир Ғаниев бир неча асрлик мадрасаларни университетларга айлантириш таклифини билдирди.
"Кўпдан бери бир масалани ўйлаб юраман. Яқинда Ўзбекистон миллий университетини биздаги энг "тарихий" университет сифатида 100 йиллиги нишонланганида бир кулдим, бир хўрсиндим… Дунёнинг энг нуфузли университетлари кўп асрлик тарихи билан ғурурланадилар. Оксфорд 1000 йиллик, Кембриж 800 йиллик, Йел ва Ҳарвард 300 йиллик тарихга эга деб айтадилар", деб ёзган Ғаниев.
Унинг фикрича, уларнинг барчаси диний таьлим муассасалари сифатида фаолият бошлаган ва 19 асрга қадар фақат диний соҳа мутахассисларини тайёрлаган. 1800 йиллардан аста-секин аввал математика, сўнг бошқа фанлар киритилиб, 20-асрга келиб ҳозирги кўринишдаги университетларга айланган.
"Бизда ҳам таълим муассасалари бундан кам бўлмаган тарихга эга. Улуғбек мадрасаси 15-аср бошида, Кўкалдош ва бир қатор бошқа мадрасалар 16-аср бошида фаолият бошлаган. Улуғбек мадрасасида ҳатто бошидан математика ва астрономиядан ҳам таълим берилган! Улуғбек расадхонасида астроном олимлар изланишлар ўтказган, Окфорд ва Кембрижда фақат диний таьлим, лотин тили ва фалсафадан ўқитилган бир вақтда. У университетлардаги энг қадимий бинолар – черков ва битта кичиккина таьлим корпусидир, асосий бинолар 19-20-асрларда қурилган", деб ёзган Баҳодир Ғаниев.
Мутахассис ўртага савол ташлаган: "Энди савол – таълимдаги тарихий ўрнимизни нимага тикламаймиз? Масалан, Улуғбек ва Кўкалдош университетларини очиб, мадраса биноларидан диний таълим учун ислом дини факултети фаолияти доирасида фойдаланиб, атрофига бошқа факултетлар учун бинолар қуриб, булар 600-700 йиллик тарихга эга таълим муассасаларимиз деб ғурурланмаймиз?"
Унинг таъкидлашича, кўпчилик ҳамон мустамлакачилик таъсиридан тўлиқ чиқиб кетолмаган.
"Аммо биз советлар маҳаллий тизимни инкор қилиб, ўзи очиб берган университетларнинг 100 йиллигини нишонлаймиз… Шунчаки саволлар. Колониал фикрлашдан тўлиқ қутулмаганмиз чоғи…".
Эслатиб ўтиш керак, Platina Podcast’нинг навбатдаги сонида Баҳодир Ғаниев билан давлат ва хусусий мактабларга қабул, у ерлардаги муҳит ва шароитлар фарқи ҳақида суҳбатлашганмиз.