Дарахтларнинг ноқонуний кесилиши космик мониторинг орқали аниқланади
Ер қаъридан ўзбошимчалик билан фойдаланиш, участкаларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ҳамда уларда бино қуриш бўйича ҳам космик текширувлар ўтказилади.

Иқтисодиёт тармоқларида аэрокосмик маълумотлардан фойдаланиш кенгайтирилади.
“Иқтисодиёт тармоқларида аэрокосмик маълумотлардан фойдаланишни кенгайтириш ва қишлоқ хўжалиги қуйи бўғинида бошқарув тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент Фармони (ПФ–177-сон, 26.09.2025 й.) қабул қилинди.
Фармонга кўра, 2026 йил 1 январдан Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги (Агентлик) томонидан қуйидаги ҳолатларни аниқлаш мақсадида йилига камида 3 марта давлат космик мониторинги ўтказилади:
- геология соҳасида – ер қаъридан ўзбошимчалик билан фойдаланиш, шу жумладан, рухсатномада кўрсатилган ҳудуддан ташқарига чиқиш;
- ер муносабатлари соҳасида – ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ҳамда уларда бино ва иншоотлар қуриш;
- экология соҳасида – мавжуд чиқиндиларни сақлаш жойларида белгиланган ҳудуддан ташқарига чиқиш, шунингдек, ноқонуний янги чиқинди зоналари вужудга келиши.
2026 йил 1 мартдан белгиланган ваколатли органлар ўзи аниқлаган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари бўйича маълумотларни онлайн равишда тегишли контурлар кесимида рақамли кўринишда интеграция орқали SGM платформасига тақдим этиб боради.
Бунда маълумотлар огоҳлантириш берилгани, ҳуқуқбузарлик бартараф этилгани, ҳужжатлар прокуратура ва суд органларида кўриб чиқилаётгани тўғрисидаги белгиларни ўз ичига олади.
Дарахтзорларнинг ноқонуний кесилиши космик мониторинг орқали аниқланади.
2026 йилдан ҳар календар йил якунига қадар республика бўйича космик технологиялар имкониятидан келиб чиққан ҳолда дарахтзорларнинг ноқонуний кесилишини космик мониторинг орқали аниқлаш йўлга қўйилади.
2026 йилдан қуйидаги лойиҳалар синов тариқасида амалга оширилади:
- энергетика соҳасида – Энергетика вазирлиги томонидан Агентлик имкониятларидан фойдаланган ҳолда:
- электр узатиш тармоқларидаги носозликларни барвақт аниқлаш мақсадида 2026 йил 1 августгача Тошкент вилояти Бўка туманида юқори кучланишли электр узатиш тармоқлари ҳолати аэрокосмик мониторингдан ўтказилади;
- “яшил” энергетикани ривожлантириш мақсадида 2026 йил 1 октябргача Сурхондарё вилоятида қуёш панелларини жойлаштириш ва юқори самарадорликка эришиш имконияти мавжуд бўлган майдонлар аниқланади;
- транспорт соҳасида – Транспорт вазирлиги томонидан темир йўллар ҳолатини тезкор назорат қилишга ўтиш мақсадида Агентлик имкониятларидан фойдаланган ҳолда 2026 йил 1 октябргача Тошкент–Ангрен йўналишидаги темир йўлда аэрокосмик мониторинг амалга оширилади.