Космосдан назорат: Ўзбекистон сув хавфсизлигида янги давр бошланмоқда
Тошкент вилоятидаги Оҳангарон сув омборида ташкил этилган медиа-тур оддий ахборот тадбири эмас, балки Ўзбекистонда сув ресурсларини бошқариш соҳасида юз бераётган муҳим технологик ўзгаришларнинг намойиши бўлди. Журналистлар ва блогерлар илк бор космик мониторинг, батиметрик ўлчовлар ва рақамли 3D моделлаштириш технологиялари қандай ишлаётганини амалда кўриш имконига эга бўлишди.

Инсоният тарихи кўпинча нефть, газ ёки олтин учун курашлар билан изоҳланади. Аммо XXI асрга келиб стратегик аҳамиятга эга ресурслар рўйхатида яна бир бойлик тобора юқори ўринга чиқмоқда — бу сувдир. Агар ўтган аср саноат ва энергия асри бўлган бўлса, бугунги даврни сув хавфсизлиги асри деб аташ мумкин.
Иқлим ўзгариши, аҳоли сонининг ўсиши ва сув ресурсларига бўлган босим кучайиб бораётган шароитда мамлакатлар энди дарёлар ва сув омборларини оддий гидротехник иншоот сифатида эмас, балки аниқ маълумотлар асосида бошқарилиши лозим бўлган муҳим миллий актив сифатида кўрмоқда. Бу жараёнда эса инсон кўзи етиб бормайдиган жойларга технологиялар етиб бормоқда.
Янги технологиялар ёрдами
Бугун сунъий йўлдошлар фақат коинотни эмас, Ердаги ҳаётни ҳам кузатмоқда. Космосдан олинаётган маълумотлар фермер даласидан тортиб йирик сув омборларигача бўлган объектларни таҳлил қилиш имконини бермоқда. Ўзбекистонда Оҳангарон сув омборида амалга оширилаётган космик мониторинг лойиҳаси ҳам ана шу глобал ўзгаришларнинг амалий ифодаси бўлиб, сув хўжалигини бошқаришнинг мутлақо янги босқичи бошланаётганини кўрсатмоқда.

2026 йил 24 июнь куни Тошкент вилоятидаги Оҳангарон сув омборида ташкил этилган медиа-тур оддий ахборот тадбири эмас, балки Ўзбекистонда сув ресурсларини бошқариш соҳасида юз бераётган муҳим технологик ўзгаришларнинг намойиши бўлди. Журналистлар ва блогерлар илк бор космик мониторинг, батиметрик ўлчовлар ва рақамли 3D моделлаштириш технологиялари қандай ишлаётганини амалда кўриш имконига эга бўлишди.

Бир қарашда бу навбатдаги техник лойиҳага ўхшаб кўриниши мумкин. Аммо масаланинг моҳияти анча чуқур. Гап нафақат сув омборини ўлчаш ёки унинг ҳажмини аниқлаш ҳақида кетмоқда. Гап мамлакатнинг сув хавфсизлиги, иқлим ўзгариши шароитида ресурсларни сақлаш ва келажакда юзага келиши мумкин бўлган хавфларни олдиндан кўра билиш ҳақида бормоқда.
Сув — XXI асрнинг стратегик ресурси
Марказий Осиё минтақаси учун сув масаласи йилдан-йилга долзарб аҳамият касб этмоқда. Аҳоли сони ўсмоқда, қишлоқ хўжалиги кенгаймоқда, иқлим ўзгариши эса табиий сув захираларига босимни кучайтирмоқда.
Ўзбекистондаги сув омборлари нафақат суғориш тизимининг, балки ичимлик суви таъминоти ва энергетика соҳасининг ҳам муҳим бўғини ҳисобланади. Мамлакат иқтисодиётининг барқарорлиги кўп жиҳатдан айнан ушбу гидротехник иншоотларнинг самарали ишлашига боғлиқ.

Шунинг учун сув омборларининг ҳақиқий ҳолатини билиш стратегик вазифага айланиб бормоқда.
Авваллари бундай кузатувлар асосан гидрологик постлар, жойидаги ўлчовлар ва мутахассисларнинг доимий назорати орқали амалга ошириларди. Бу усул ўз даври учун самарали бўлган бўлса-да, унинг имкониятлари чекланган эди. Катта ҳудудларни қамраб олиш қийин, маълумот йиғиш жараёни эса кўп вақт талаб қиларди. Бугун эса вазият ўзгармоқда.
Космосдан туриб сувни ўлчаш мумкинми?
Кўпчилик учун космик технологиялар деганда сунъий йўлдошлар, ракета учириш ёки фазовий тадқиқотлар кўз олдига келади. Аммо бугун космос қишлоқ хўжалиги, экология, транспорт ва сув хўжалигининг ҳам муҳим воситасига айланиб улгурган. Оҳангарон сув омборида амалга оширилаётган лойиҳа ҳам ана шу йўналишнинг амалий намунасидир.

«Ўзбеккосмос» агентлиги ва «Ўзбекгидроэнерго» акциядорлик жамияти ҳамкорлигида радиолокацион сунъий йўлдошлар орқали сув омборлари ҳолатини мунтазам кузатиш тизими йўлга қўйилмоқда. Бу технологиялар ёрдамида мутахассислар тўғонлар ҳолатини кузатиши, ер юзасидаги ўзгаришларни аниқлаши ва ҳатто хавфли деформацияларни эрта босқичда белгилаши мумкин. Энг муҳими, кузатувлар об-ҳавога боғлиқ эмас. Радиолокацион спутниклар булутли ҳавода ҳам маълумот йиғиш имкониятига эга.
Сув омборининг рақамли нусхаси
Медиа-тур иштирокчилари учун энг қизиқарли жараёнлардан бири батиметрик ўлчовлар бўлди.
Батиметрия — сув ости рельефини ўрганиш ва ўлчаш усули ҳисобланади. Замонавий кўп нурли батиметрик қурилмалар сув тубини юқори аниқликда тасвирлаб беради. Бу маълумотлар ҳаводан олинган аэрокосмик тасвирлар билан бирлаштирилади ва натижада сув омборининг тўлиқ уч ўлчамли рақамли модели яратилади. Аслида бу сув омборининг виртуал нусхасидир. Ушбу модел ёрдамида сув сатҳи ҳар 10 сантиметр ўзгарганда қанча сув ҳажми йиғилишини аниқлаш мумкин. Зарур ҳолларда аниқлик даражаси ҳатто 1 сантиметргача етказилади. Бу эса сув ресурсларини бошқаришда мутлақо янги имкониятларни очиб беради.

Лойқа босиш муаммоси ва кўринмас хавф
Сув омборларининг асосий муаммоларидан бири — лойқа оқизиқлари ҳисобланади. Йиллар давомида дарёлар олиб келган қум, лой ва бошқа чўкиндилар сув омборлари тубида йиғилиб боради. Натижада омборнинг фойдали ҳажми қисқаради. Ташқаридан қараганда сув омбори тўлиқ кўриниши мумкин. Аммо унинг ҳақиқий сиғими йил сайин камайиб бораётган бўлади.
Шу боис Президент қарори асосида республикадаги 60 та сув омборида лойқа билан тўлиш динамикасини мониторинг қилиш ишлари бошланган. Бу нафақат техник, балки иқтисодий аҳамиятга ҳам эга. Чунки сув омборининг ҳақиқий ҳажмини билиш сув тақсимоти, электр энергияси ишлаб чиқариш ва қишлоқ хўжалиги режаларини тўғри тузиш имконини беради.
Дунё қандай ишлаяпти?
Ўзбекистон бу борада дунё тажрибасидан фаол фойдаланмоқда.
Масалан, Нидерландияда космик маълумотлар сув тошқинларини бошқариш ва гидротехник инфратузилмани кузатиш учун қўлланилади. АҚШда NASA ва Геология хизмати сув ресурсларини доимий мониторинг қилиб боради. Европа Иттифоқининг Copernicus дастури доирасидаги Sentinel-1 сунъий йўлдошлари эса бутун дунё бўйлаб сув ҳавзалари ва тўғонларни кузатишда фойдаланилмоқда. Италияда InSAR технологияси ёрдамида тўғонлар ва йирик инфратузилма объектларидаги ҳатто миллиметр даражасидаги деформациялар аниқланади.
.png)
Ўзбекистонда ҳам айнан шу каби замонавий ёндашувларни жорий этиш бошланди.
Рақамли сув хўжалиги сари
Бугунги кунда рақамлаштириш иқтисодиётнинг барча соҳаларига кириб бормоқда. Сув хўжалиги ҳам бундан мустасно эмас.
Космик мониторинг тизими келажакда сув омборларининг ҳолатини реал вақт режимида баҳолаш, хавфларни эрта аниқлаш ва бошқарув қарорларини тез қабул қилиш имконини беради. Бу эса сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, фавқулодда ҳолатларнинг олдини олиш ва миллиардлаб сўмлик иқтисодий зарарларни камайтиришга хизмат қилиши мумкин.
Оҳангарон сув омборидаги медиа-тур ана шу ўзгаришларнинг амалий кўриниши бўлди. Энг муҳими, у космос фақат илмий лабораториялар ёки ракета учириш майдонлари учун эмаслигини кўрсатди. Бугун космик технологиялар ердаги энг муҳим масалалардан бири — сув хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Шу маънода, Оҳангарон сув омборида бошланган ишлар нафақат битта объектнинг мониторинги, балки Ўзбекистон сув хўжалигининг рақамли келажагига қўйилаётган навбатдаги муҳим қадам сифатида баҳоланиши мумкин.
Абулфайз Сайидасқаров
