platina.uz
Жамият

Ўзбекистонда сув соҳасига харажатлар давлат бюджетининг 4,2 фоизига етади

Президент Администрацияси раҳбари ўринбосари Тимур Бутунбаев Швециядаги халқаро ҳафталикда маъруза қилди. Маърузада Ўзбекистонда сув соҳасига замонавий ва инновацион технологияларни жорий этиш, инвестицияларни жалб қилиш бўйича стратегик режалаштириш ҳамда барқарор молиялаштиришга асосланган бошқарув тизими ҳақида маълумот берилди.

Ўзбекистонда сув соҳасига харажатлар давлат бюджетининг 4,2 фоизига етади

Швецияда ўтаётган Бутунжаҳон сув ҳафталиги — World Water Week 2026 доирасида Ўзбекистоннинг сув хавфсизлигини таъминлаш, соҳага инвестициялар жалб этиш ва барқарор молиялаштириш бўйича тажрибаси халқаро майдонда тақдим этилди.

«Сув барқарорлиги ва фаровонлигини молиялаштириш: БМТнинг 2026 йилги Сув конференцияси арафасида мажбуриятларни амалий ижро ва барқарор натижаларга айлантириш» мавзусидаги юқори даражали сессияда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари ўринбосари Тимур Бутунбаев маъруза қилди.

У Ўзбекистонда сув соҳасига замонавий ва инновацион технологияларни жорий этиш, инвестицияларни жалб қилиш бўйича стратегик режалаштириш ҳамда барқарор молиялаштиришга асосланган бошқарув тизими ҳақида маълумот берди.

Қайд этилишича, Марказий Осиёда аҳоли жон бошига тўғри келадиган қайта тикланувчи сув ресурслари жаҳон бўйича ўртача кўрсаткичнинг қарийб ярмини ташкил этади. Жаҳон банки маълумотларига кўра, баҳоланган мамлакатлар сув секторининг барча йўналишларига давлат бюджетларининг ўртача атиги 0,5 фоизини ажратади.

Ўзбекистонда эса Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида сув масаласи давлат бюджетида ҳам ўз аксини топган стратегик устувор йўналишга айланди. 2026 йил якунига қадар сув соҳасига йўналтириладиган харажатлар давлат бюджетининг 4,2 фоизига етиши кутилмоқда.

Шунингдек, 2017–2025 йилларда сув хўжалигига ажратиладиган йиллик маблағлар қарийб тўрт баробар, ичимлик суви таъминотига йўналтирилган инвестициялар эса ўн баробар ошган.

Тимур Бутунбаев ихтисослаштирилган вазирликнинг ташкил этилиши, Сув кодексининг қабул қилиниши ва 2030 йилгача мўлжалланган стратегиянинг амалга оширилиши мамлакатда сув ресурсларини бошқаришнинг яхлит тизимини шакллантирганини таъкидлади.

Сессияда Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда сув хавфсизлигини мустаҳкамлаш борасидаги ташаббуслари ҳам тақдим этилди. Жумладан, Жаҳон банки билан ҳамкорликда Water Forward глобал ташаббуси доирасида ишлаб чиқилган Ўзбекистон Миллий сув пакти ҳақида маълумот берилди.

Мазкур ҳужжат 2030 йилга қадар сув хавфсизлигини таъминлаш, соҳага инвестицияларни кенгайтириш ҳамда белгиланган мажбуриятларни аниқ ва барқарор натижаларга айлантиришга қаратилган.

Сессия иштирокчилари самарали бошқарув ва барқарор молиялаштиришнинг уйғунлиги сув соҳасида амалий натижаларга эришиш ҳамда Барқарор ривожланиш мақсадлари сари тараққиётни жадаллаштиришнинг муҳим шарти эканини қайд этди.

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid