Россия нега фазо пойгасида ортда қолди?
Бугунги космос орбитани ким тўлдиради, ким тез ва арзон учиради, ким сунъий йўлдош тармоқларини қуриши мумкин, деган саволларга жавоб топа оладиган субъектлар қўлига ўтмоқда.

Яқин вақтларгача фазо соҳаси Россия учун нафақат технологик майдон, балки сиёсий нуфуз рамзи ҳам эди. Совет мероси шу қадар кучли эдики, СССР парчаланганидан кейин ҳам Россия узоқ йиллар давомида космосда етакчи давлатлардан бири сифатида қолаётганини даъво қилиб келди.
Бироқ бугун вазият ўзгарган. Фазо энди шон-шуҳрат пойгаси эмас – у саноат ва иқтисодиёт соҳасига айланган. Янги реалликда эса Россия аста-секин ўз позицияларини бой бермоқда.
Яна АҚШ олдинда
Жорий йил апрел ойи бошида НАСАнинг “Артемида-2” (Artemis II) дастури доирасидаги Ой атрофида бошқарилувчи парвоз миссияси Кеннеди космик марказидан старт олди. 10 апрелда НАСАнинг “Орион” космик кемаси тўрт нафар астронавт билан бирга муваффақиятли равишда Ерга қайтиб, миссияни якунлади. Капсула Тинч океанида, Калифорния соҳиллари яқинида сувга қўнди.
Миссияда эришилган натижалар кичик эмас. Жумладан, “Орион”нинг барча критик тизимлари Ой масофасида одам иштирокида тўлиқ барқарор ишлагани – ҳаётни қўллаб-қувватлаш, алоқа, навигация ва ҳарорат назорати маромида бўлгани тасдиқланди.
Инсоннинг Ердан энг катта узоқ масофада бўлиш рекорди ўрнатилди. НАСА атсронавтлари Ерда 406 771 км узоқликда парвоз қилишди.
Ойнинг тескари томони биринчи марта яқин масофадан кузатилди ва суратларга муҳрланди. Шунингдек, узоқ фазонинг инсон организмига таъсири бўйича илк илмий маълумотлар олинди: Ван Аллен радиация камарларидан ташқарида нурланиш даражаси, иммунитет биомаркерлари, уйқу ва жисмоний фаоллик кўрсаткичлари ҳамда изоляция шароитидаги физиологик ўзгаришлар ўрганилди.
Қайд этиш жоиз, “Артемида-2” миссияси 1972 йилда Apollo дастури якунланганидан сўнг Ой атрофига қилинган биринчи учувчили парвоз ҳисобланади. Мазкур парвоз яна Россиянинг “космик пойга”да ютқазгани ҳақидаги фикрларни қувватлагандек бўлди.
Ҳозирги вазият
Россия расмий маълумотларига кўра, 2022 йил 1 январ ҳолатига орбитада жами 102 та сунъий йўлдош мавжуд бўлган, улар орасида Ерни масофадан зондлаш учун мўлжалланган 25 та аппарат ҳам бор.
Pixalytics компанияси ҳисоб-китобларига кўра, Ерни масофадан зондлаш соҳасини таҳлил қиладиган бу ташкилот маълумотларига мувофиқ, 2021 йилда Россияда Ерни масофадан зондлаш (ЕМЗ) бўйича 35 та сунъий йўлдош бўлган ва уларнинг барчаси давлатга тегишли.
Ўша даврда АҚШда давлат тузилмалари юзлаб сунъий йўлдошлардан фойдаланиш имкониятига эга эди, уларнинг катта қисми хусусий компаниялар томонидан бошқарилган. Pixalytics ҳисоб-китобларига кўра, 2021 йилда АҚШда 440 та ЕМЗ сунъий йўлдоши бор эди.
Geospatialworld сайти маълумотларига кўра, фақат Planet Labs компаниясининг ўзи – Ер суратларини сотувчи хусусий оператор – 188 та сунъий йўлдошга эга бўлган.
Фазога учиш энди обрў эмас, иқтисодий самарадорликдир
Таъкидлаш керак, охирги 15 йилдаги энг катта ўзгариш – технологик эмас, концептуал ўзгаришдир. Агар XX асрда фазо давлатлар ўртасидаги сиёсий рақобат майдони бўлган эса (биринчи сунъий йўлдош, биринчи инсон парвози, Ойга қўниш), бугун у бошқа жиҳатларга эътибор қаратмоқда. Сунъий йўлдош тармоқлари, тижорий учиришлар, орбитадан интернет тарқатиш, оммавий ракета ишлаб чиқариш шулар жумласидандир. Энди ғалаба “биринчи бўлиш”да эмас, балки тезлик, арзонлик ва ҳажмда кўрилмоқда.
SpaceX инқилоби ва Россия қўлдан берган тараққиёт
Энг катта ўзгариш SpaceX ва қайта ишлатиладиган ракеталар пайдо бўлиши билан юз берди. Ғоя жуда оддий эди: ракета бир марталик эмас, бир неча марта учиш воситасига айланиши лозим эди.
SpaceX ютуқлари қайта ишлатиладиган босқичлар ва ракеталар, учириш нархининг кескин пасайиши, бир йилда бир неча парвозларни амалга оширишда намоён бўлди. Бу космик “бозор”ни тўлиқ ўзгартирди.
Россия эса совет меросига, эски моделга таянишда давом этди. Масалан, “Союз” ракеталари (бир марталик), босқичма-босқич модернизация, тубдан янги тизимларнинг секин жорий этилиши ва ҳоказолар. Қолаверса, Россиядаги тубсиз коррупция ва ўғирликлар ҳам бунга халақит бермоқда. Узоқ Шарқда қурилаётган янги космодромнинг ҳамон битмагани ва миллиард долларлик ўғирликлар бу фикрни тасдиқлайди.
Бу ҳам етмагандек Украина билан уруш туфайли пул ортмаяпти. Айрим маълумотларга кўра, Россия Украинага қарши урушда 1 йилда “Артемида-2” миссияси учун ажратилган маблағдан-да кўпроқ пулни сарфлаяпти.
Совет мероси: куч ҳам, чеклов ҳам уйғун
Россия космонавтикаси асосан СССР даврида, 15 та республиканинг молиявий ва илмий қудрати, КГБ разведкасининг муттасил хорижий технологияларни ўғирлаб келиши натижасида яратилган тизимларга таянади. “Союз” (1960-йиллар), “Протон”, Бойқўнғир инфратузилмаси бунга мисол бўлади. Бу мерос СССРдан кейин ҳам ўз шамойилини сақлаб қолди. Россия бунга дурустроқ ўзгартириш кирита олмади. Тизим такомиллаштирилгандек бўлдию, лекин қайта яратилмади.
Хитой ва АҚШ: икки хил тезлашиш
Айни пайтда фазода АҚШ ва Хитой устунлик қилмоқда. Россия барқарорликка таянган бир пайтда рақиблар анча илгарилаб кетишди.
Хусусан, АҚШда SpaceX дунёда энг кўп учиришларни амалга оширмоқда. Интернет таъминоти учун ишлаб чиқилган Starlink минглаб сунъий йўлдошлар орбитага чиқарди. Хусусий сектор асосий кучга айланди.
Хитой эса “Тянгун” орбитал станцияси, ой миссиялари, Ойнинг тескари томонидан намуна олиб келиш каби ютуқлари билан кўзга кўринди.
Сунъий йўлдошлар бозори: йўқотилган имконият
Бугун фазодаги технологик натижалар асосан сунъий йўлдошлардан иборат бўлиб қолган. Космик тадқиқотлар алоқа, интернет, навигация, ҳарбий тизимлар учун хизмат қилмоқда. Россияда эса GPS’га муқобил тизим сифатида яратилган ГЛОНАСС мавжуд, аммо ривожланиш суръати секин кетяпти.
Иқтисодий модел: нега инновация секинлашди
Россияда космос узоқ вақт давомида давлатга қаттиқ боғланган тизим бўлиб келди. Бу эса рақобатни чеклади, хусусий ташаббусни камайтирди, харажатни пасайтириш босимини кучсиз қилди. Янги космик иқтисодиётда эса айнан тезлик ва арзонлик ҳал қилувчи омил ҳисобланади.
2014 йилдан кейин, айниқса, 2022 йилдан сўнг халқаро ҳамкорлик кескин қисқарди. ESA ва NASA билан лойиҳалар чекланди, технологик занжирлар узилди, глобал бозор билан интеграция камайди. Масалан, ExoMars лойиҳаси тўхтатилди. Россияда нафақат сиёсат ва иқтисодиётда, балки илм-фан, хусусан, фазони тадқиқ этиш борасида ҳам жаҳон янгиликларидан иҳоталаниб, табиий равишда тараққиёт имкониятларидан маҳрум бўлди.
Яна бир муҳим омил – инсон капитали – кадрлар ҳисобланади. Россиялик мутахассисларнинг бир қисми хорижга кетмоқда, бир қисми IT ва хусусий секторга ўтмоқда, ёш муҳандислар оқими камаймоқда. Бу дарров сезилмайди, лекин узоқ муддатли иқтисболда катта ва салбий таъсирини албатта кўрсатади.
Янги фазо пойгаси қоидалари ўзгарган
Бугунги космос орбитани ким тўлдиради, ким тез ва арзон учиради, ким сунъий йўлдош тармоқларини қуриши мумкин, деган саволларга жавоб топа оладиган субъектлар қўлига ўтмоқда. Россия ҳамон космик давлат, лекин дунё космонавтикаси қоидаларни белгиламайдиган акторга айланди.
Хулоса
Россиянинг фазода ортда қолиши мураккаб ҳодиса. Бу икки давр ўртасидаги ўтиш натижаси, десак муболаға бўлмайди. Россия космосдан чиқиб кетмади.
Фақат космоснинг ўзи ва “ўйин” қоидалари ўзгарди. Россия эса янги вазиятга мослаша олмаяпти холос.
Абулфайз Сайидасқаров
