"Яқин кунларда барча болаларга рухсат этилади": Заҳарланган тарбияланувчилар ҳақида маълумот берилди
Уларнинг 13 нафарининг аҳволи ўртача оғирликда, дейди Санэпидқўмита раисининг биринчи ўринбосари Нурмат Отабеков.

Санэпидқўмита Тошкент вилоятининг қатор мактабгача таълим муассасаларида болаларда ошқозон-ичак фаолияти бузилиши билан боғлиқ вазият бўйича ахборот берди.
Қўмита раисининг биринчи ўринбосари Нурмат Отабековга кўра, заҳарланган болаларнинг 959 нафарига клиник белгилар бўлмагани учун дарҳол жавоб берилган.
Ҳозирги кунда Тошкент вилоятидаги шифохоналарда 694 нафар болалар даволанмоқда. Улардан 13 нафарининг аҳволи ўртача оғирликда.
27 сентябр куни яна 421 нафар болага аҳволи яхшилангани сабаб уйга жавоб бериш режалаштирилган. Пойтахтдаги 17 та тиббий муассасадан 100 нафардан ошиқ мутахассис ва профессорлар жараёнга жалб этилган.
ССВ ташкил этган штаб хулосасига кўра, болаларга ўткир гастентрит ташхиси қўйилди. Бу касаллик оғир оқибатларга сабаб бўлмайди.
"Ҳозирда ижобий динамика кузатилмоқда. Тез кунларда барча болаларга уйга жавоб берилади", дея маълум қилди Нурмат Отабеков.
Юз берган ҳолат юзасидан лаборатория текширувлари ўтказилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 24 сентябр куни Тошкент вилоятида боғча болалари кефирдан заҳарланди.
Кефир Оққўрғон туманидаги цехларнинг бирида ишлаб чиқарилган. Заҳарланганлар сони салкам 2 минг нафаргача етди.