Самарқандда икки қарор билан бюджетдан 100 млрд сўмдан ошиқ маблағ ажратилади
Қарорларнинг бирида Мустақилликнинг 34 йиллигини тантанали нишонлаш, Самарқанд шаҳри кўчаларини безатиш, меҳмонларни кутиб олиш ва бошқа харажатларга 10 млрд сўм берилиши ёзилган.

Халқ депутатлари Самарқанд вилояти кенгаши бир куннинг ўзида маблағ ажратиш бўйича иккита қарорни эълон қилди. Мазкур қарорлар 2025 йил 23 сентябр куни эълон қилинган.
Биринчи қарор 2025 йил ҳисобидан мақбуллаштирилган маблағларни йўналтиришни назарда тутади. Унга кўра 59 млрд 689 млн сўм ажратилади.
Жумладан, Мустақилликнинг 34 йиллигини тантанали нишонлаш, Самарқанд шаҳри кўчаларини безатиш, меҳмонларни кутиб олиш ва бошқа харажатларга 10 млрд сўм берилиши маълум қилинган. Самарқанд туманидаги бунёдкорлик ишлари ва сайёҳларга қулайлик яратиш учун 2 млрд 234 млн сўм, Марказий ҳарбий округга қарашли Маданият ва маърифат марказини қуриш учун 3,5 млрд сўм, Пастдарғом туманидаги Гўзалкент МФЙ йўлларини "Обод қишлоқ" дастурига асосан таъмирлаш учун 7 млрд сўм, Жомбой туманидаги Бешбола МФЙ йўлларини таъмирлаш учун 3,5 млрд сўм тақдим этилади. Пайариқ туманида 30 км узунликда газ тармоғи ва юқори босимли газ тақсимлаш шохобчасини қуриш харажатлари учун 5,8 млрд берилади.

Иккинчи ҳужжат вилоят маҳаллий бюджетининг қўшимча манбаларидан фойдаланишни назарда тутади. Унга кўра 41 млрд 368 млн сўм ажратилади.
"Болалар соғломлаштириш ва аҳоли саломатлигини тиклашга кўмаклашиш жамғармаси"га 8,2 млрд сўм берилади. Мустақилликнинг 34 йиллиги муносабати билан Самарқанд номли видеолавҳа кинофилм тайёрлаш учун 3,3 млрд сўм, Нуробод туманидаги боғча ва мактаб учун 1,31 млрд сўм, Жомбой тумани тиббиёт бирлашмасига рентген аппарати сотиб олиш мақсадида 850 млн сўм ажратилади.

Тўлиқ тафсилотлар қарор матни ва унга илова қилинган жадвалда келтирилган.