Эрон ТИВ Ўзбекистоннинг нотасига муносабат билдирди
Эрон расмийси Самарқанд обидалари ҳақидаги постларга изоҳ берди. Унга кўра, бу постлар мамлакат элчихоналарининг АҚШга мурожаати бўлган.

Эрон Ташқи ишлар вазири расмий вакили Исмоил Бақоий Ўзбекистон ТИВ томонидан билдирилган норозилик нотаси ҳамда мамлакатга тегишли дипломатик ваколатхоналарнинг ижтимоий тармоқларда Самарқанд ва Регистон бўйича эълон қилган постларига изоҳ берди.
Бақоийнинг таъкидлашича, Эрон ва Ўзбекистон узоқ тарихга эга. Мамлакатлар ўртасидаги риштани боғлаб турувчи ришталар бугун ёки кеча пайдо бўлиб қолмаган.
“Муштарак мерос халқлар ўртасидаги дўстона алоқаларни давом эттириш ва мустаҳкамлаш учун заминдир. Биз Ўзбекистон билан муносабатларимизга катта аҳамият берамиз. Аминмизки қўшни мамлакатларнинг турли ҳудудларида ва ундан ҳам кенгроқ маконда мавжуд бўлган муштарак меросимиз халқлар ўртасидаги дўстона алоқаларни давом эттириш ва мустаҳкамлаш учун асос бўлиб хизмат қилади”, — деган Исмоил Бақоий.
Эрон расмийси мамлакатнинг айрим элчихоналари томонидан эълон қилинган ва Ўзбекистон томонининг эътирозига сабаб бўлган ижтиимоий тармоқдаги постларга ҳам тўхталган:
“Айрим элчихоналаримиздаги дўстларимиз ўз постларини АҚШ томонига мурожаат сифатида эълон қилишган эди”, дея қўшимча қилган у.
Аввалроқ Эрон элчихоналарининг Самарқанд бўйича сиёсий постлари тармоқлардан ўчирилганди. Ушбу постлар сабаб жорий йилнинг 23 октябрь куни Эроннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Муҳаммад Али Искандарий Ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилганди.





