Ҳоким ёрдамчиси, муҳандис ва қишлоқ хўжалиги масъули қўлга олинди
Сариосиё туманида ҳоким ёрдамчиси мансабдор танишлари орқали ҳокимлик захирасидаги ерни ижарага олиб бериш эвазига пул талаб қилган.

Ҳоким ёрдамчиси, муҳандис ва қишлоқ хўжалиги масъулига нисбатан жиноят иши очилди.
Сурхондарё вилояти Сариосиё туманидаги маҳалла фуқаролар йиғинларидан биридаги ҳоким ёрдамчиси ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда 1996 й.т. фуқаронинг ишончига кирган. У мансабдор танишлари орқали туман ҳокимлиги захирасидаги 2,5 гектар суғориладиган ер майдонини 30 йил муддатга ижарага олиб бериш эвазига 29 млн сўм талаб қилган.
Давлат хавфсизлик хизмати, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва Ички ишлар идоралари ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда ҳоким ёрдамчиси сўралган пул маблағини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Терговга қадар текширув давомида, у ушбу пул маблағини “Ўздаверлойиҳа” илмий лойиҳалаш институтининг “Сурвилерлойиҳа” бўлинмаси муҳандиси ҳамда Сариосиё тумани қишлоқ хўжалиги бўлими шўъба бошлиғига бериши кераклиги маълум бўлди.
Сўнгра тезкор тадбир давом эттирилиб, муҳандис ва шўъба бошлиғи ушбу пул маблағини олган вақтларида уларнинг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйилди.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг 168 ва 211-моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, ДХХ аввал инсон органлари савдоси билан шуғулланган йирик жиноий гуруҳни аниқлаганди.
Жиноий гуруҳнинг икки йиллик фаолияти давомида 32 нафар беморга буйрак ёки жигар тўқималари кўчириб ўтказилган.