platina.uz
Жамият

Инсон органлари савдоси билан шуғулланган йирик жиноий гуруҳ аниқланди

Жиноий гуруҳнинг икки йиллик фаолияти давомида 32 нафар беморга буйрак ёки жигар тўқималари кўчириб ўтказилган. 

Инсон органлари савдоси билан шуғулланган йирик жиноий гуруҳ аниқланди

Инсон органлари савдоси билан шуғулланган жиноий гуруҳ фош этилди.

Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Ички ишлар вазирлиги ходимлари томонидан тезкор-қидирув тадбирлари ўтказилди. Тадбирлар давомида инсон органлари ва тўқималари савдоси билан шуғулланган уюшган жиноий гуруҳ фош этилди.

Тошкент шаҳри ва Тошкент, Фарғона, Бухоро ҳамда Қашқадарё вилоятларида яшовчи 12 нафар фуқародан иборат жиноий гуруҳ ижтимоий тармоқлар орқали буйрак ва жигар касалликларидан азият чекаётган беморларни топиб ва соғлом фуқароларни мўмай пул звазига ўз органини сотишга қизиқтирган. Сўнгра чет элдаги танишлари ёрдамида шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни қалбакилаштириш орқали уларни гўёки қариндош сифатида кўрсатиб, қўшни давлатлардан биридаги хусусий клиникада жарроҳлик амалиётларини амалга оширишган.

Уюшган жиноий гуруҳнинг 2023-2025 йиллардаги фаолияти давомида 32 нафар беморга буйрак ёки жигар тўқималари кўчириб ўтказилган.

Ўз навбатида, беморлардан олинган катта миқдордаги пул маблағларининг маълум бир қисми операция учун хусусий клиникага ҳамда донорларга берилган, қолгани эса ўзаро тақсимланган.

Шунингдек, жарроҳлик амалиётидан кейин соғлиқларида ижобий ўзгариш бўлмаган беморларга оғриқни қолдириш мақсадида жиноий гуруҳ томонидан кучли таъсир қилувчи дори воситалари қиммат нархларда сотилган.

Уюшган жиноий гуруҳ аъзоларига нисбатан Жиноят Кодексининг 133-1 (инсон аъзоларини ва (ёки) тўқималарини олиш ҳамда трансплантация қилиш шартларини ва (ёки) тартибини бузиш), 228 (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш), 246 (контрабанда) ва 273 (гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) -моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилди.

Ҳозирда жиноят иши мазмунан кўриб чиқиш учун суд органларига юборилди.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid