Шерзод Асадов БМТ масъуллари билан учрашувлар ўтказди
Стратегик коммуникациялар, медиа билан ҳамкорлик ва журналистлар учун таълим дастурларини янада кенгайтириш муҳокама этилди.

Ўзбекистон президенти матбуот котиби Шерзод Асадов Нью-Йорк шаҳрида БМТ Бош котибининг глобал коммуникациялар бўйича ўринбосари Мелисса Флеминг билан учрашув ўтказди.
Мулоқотда Ўзбекистонда амалга оширилаётган ижобий ўзгаришлар ва ислоҳотлар алоҳида таъкидланди. Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатимизнинг халқаро нуфузи сезиларли даражада ошгани, оммавий ахборот воситалари эркинлиги, очиқлик ва ахборотдан фойдаланиш соҳасида катта ютуқларга эришилгани қайд этилди.
Учрашувда БМТ доирасидаги Барқарор ривожланиш мақсадларини илгари суриш, ёлғон ахборот тарқалишига қарши курашиш ва ёшларни глобал ташаббусларга жалб этишга қаратилган муҳим лойиҳалар ва кампаниялар муҳокама қилинди. Шунингдек, стратегик коммуникациялар, медиа билан ҳамкорлик ва журналистлар учун таълим дастурларини янада кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Мамлакатимиз олий таълим муассасалари — Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ҳамда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетини UN Academic Impact дастурига киритиш муҳим аҳамият касб этиши, бу талабалар ва тадқиқотчиларга таълим ва илмий изланишлар бўйича глобал ташаббусларда иштирок этиш учун қўшимча имкониятлар яратиши таъкидланди.
Шунингдек, ёлғон ахборотга қарши курашиш, ёш журналистларни тайёрлаш ва БМТнинг халқаро стажировкаларида иштирокини таъминлаш борасида ҳамкорлик истиқболлари кўриб чиқилди.
Учрашув якунида қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва БМТ Глобал коммуникациялар департаменти вакилларининг Ўзбекистонда ўтказиладиган тадбирларда фаол иштирокини таъминлаш юзасидан келишувга эришилди.
Асадов Нью-Йорк шаҳрида БМТ Бош котибининг ёрдамчиси – БМТ матбуот котиби Стефан Дюжаррик билан учрашув ўтказган. Суҳбат чоғида икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалаларини атрофлича муҳокама қилинган.

Ўзбекистон ва БМТнинг қўшма тадбирларини, жумладан олий даражадаги ташрифларни ахборот билан таъминлаш ва ёритиш жараёнида хизматларимиз доимий равишда яқин ҳамкорлик қилиб келаётгани, ўзаро қўллаб-қувватлаш анъанага айланганини мамнуният билан қайд этилган.
"Журналистлар ўртасида тажриба алмашиш ва уларнинг салоҳиятини оширишга қаратилган қўшма лойиҳалар истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди. Бу жараёнда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг турли тузилма ва институтлари имкониятларидан фойдаланиш муҳимлиги таъкидланди. Шу маънода, Ўзбекистон ва БМТнинг қўшма ташаббусларини кенг ёритишда юртимиз оммавий ахборот воситалари вакилларининг фаол иштирокини қўллаб-қувватлашга тайёрлигимизни билдирдик", дея ёзади Шерзод Асадов.
БМТнинг Нью-Йорк шаҳридаги бош қароргоҳига ташриф доирасида БМТ Янгиликлар хизмати директори Ян Филипс билан ҳам учрашув ўтказилди.
Суҳбат чоғида воқеаларни аниқ, холис ва ўз вақтида ёритиш масалаларини муҳокама қилинган. Айниқса, улкан ахборот оқими шароитида фактларнинг ҳаққонийлигини текшириш, дезинформацияга қарши курашиш ҳамда медиасаводхонликни ошириш йўналишидаги ҳамкорликни кучайтириш тобора долзарб аҳамият касб этаётгани ҳақида якдил фикр билдирилди.
Ўзбекистоннинг БМТ доирасидаги муҳим ташаббуслари ва халқаро тадбирларини ёритишда БМТ Янгиликлар хизмати томонидан кўрсатилаётган доимий қўллаб-қувватлов учун миннатдорлик билдирилди. Келгусида ҳам яқин ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олинди.